Жиззах вилоятидаги барча туманларнинг Халқ қабулхоналари Cobalt русумли автомобиллари билан таъминланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қабулхона мудирларига машиналар калитларини топшириш маросимида ҳокимлик, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхонаси одамларнинг талаб ва муаммоларини ҳал этишда давлат ва аҳоли ўртасидаги мулоқот кўприги сифатида ўзига хос тизимга айлангани таъкидланди.
Давлатимиз томонидан қабулхоналарнинг фаолиятини яхшилаш учун барча қулайликлар яратиб берилмоқда. Бу идоранинг хизмат машиналари билан таъминланлиши фуқаролар мурожаатларини жойига бориб ўрганишда катта қулайлик яратади.
«Кейинги пайтда фаолиятимизда жойлардаги тўртта сектор раҳбарлари ва фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари билан уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларнинг ечимини топишда кўмаклашишга катта эътибор қаратиляпти, — дейди Шароф Рашидов тумани Халқ қабулхонаси мудири Нарзулла Қодиров. — Шунингдек, бу ишда мурожаатлар ижросини жойига чиқиб назорат қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис хизмат машиналари билан ажратилиши бу ишларни тизимли йўлга қўйишда катта қулайлик яратади».
Маросимда 13 та туман Халқ қабулхонасининг барчасига янги автомашиналар топширилди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Э. Солиев иштирок этди.
Изоҳ (0)