Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Жорий йилнинг 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов ва Корея Республикасининг бир қатор делегациялари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Унда Корея Республикаси экспорт-импорт банки («Кореа Эхимбанк») президенти Ин Сон Су Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришларни юқори баҳолар экан, айниқса, бунда энергетика соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, республиканинг бизнес фаоллиги ва инвестицион жозибадорлигини, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг муҳим омилларидан бири эканига алоҳида эътибор қаратди.

Томонлар «Кореа Эхимбанк» молиялаштирадиган лойиҳаларни, жумладан, синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарувчи завод («Uzbekistan GTL») ва Сурғил газ-кимё мажмуаси («Уз-КорГасЧемиcал») қурилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Муҳокама жараёнида бундай лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритишни режалаштираётган Жанубий кореялик сармоядорлар учун муҳим кўрсаткич ҳисобланиши ҳам таъкидланди.

Учрашувда «Кореа Эхимбанки» томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш, янги қурилаётган иссиқлик электр станцияларида пар-газли ускуналарнинг қурилиши, автоматлаштирилган бошқарув ва ахборот йиғиш (SCADA), шунингдек, автоматик бошқарув тизими ва электр энергияси истеъмолини ўлчаш (ASКУЭ) тизимларини жорий этиш мазкур лойиҳалар қаторига киради. Шунингдек, Ўзбекистон томони SCADA лойиҳаларини амалга оширишда Корея Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) маблағларидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди.

Муҳокамалар чоғида томонлар 2019 йилнинг охиригача лойиҳаларни молиялаштириш учун кредит линияларини очиш билан боғлиқ жараёнларни тезлаштириш ва маблағлардан фойдаланишда шаффофлик таъминланиши учун биргаликда ишчи гуруҳ тузиш борасида келишиб олди.

Шунингдек, Корея Республикаси энергетика агентлиги (КЕА) президенти Ким Чан-Сёб бошчилигидаги делегация билан энергетика тизимини модернизация қилиш ва такомиллаштириш, иссиқлик электр станцияларининг самарадорлигини ошириш масалалари бўйича ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди.

Унда Жанубий Корея томони янги қувватларни барпо этишдан кўра, иссиқлик электр станцияларидаги эскирган ускуналарни алмаштириш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади. Делегация Ўзбекистондаги мавжуд электр станциялар фаолияти билан танишишга қизиқиш билдирди.

Вазирликда «КореаTelecom» (КТ) компаниясининг бош ижрочи вице-президенти Юн-Ён Пак бошчилигидаги делегация билан бўлган учрашувда ҳам ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокамасига эътибор қаратилди.

Учрашувда Жанубий Корея томони ASКУЭ тизимини жорий этиш муваффақиятли лойиҳа эканини таъкидлаб, SCADA лойиҳалари, шунингдек, энергия бошқаруви тизими (EMS) лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этишга қизиқиш билдирди. Компания замонавий энергия тежаш технологияларини амалиётга татбиқ этиш, мавжуд инфратузилмаларни модернизациялаш ҳамда соҳа учун кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ ва бошқа лойиҳалар бўйича ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эканини қайд этди.

Ўтказилган учрашувларда Жанубий Кореянинг «Посcо International», «Кепcо» ва «Hyundai» компаниялари йирик лойиҳаларни ишлаб чиқишда консорциум тузиш орқали ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, 19 апрель куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Корея бизнес-форумида энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича консорциум тузиш тўғрисида меморандум имзоланди.

Томонлар ПГУ қўшма циклини қуриш учун лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалдаги автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва маълумотларни тўплаш (SCADA), энергия бошқарув тизимлари (EMS) ва тегишли ахборот тизимларини модернизация қилиш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришди.

«Посcо International» компанияси табиий газ конларида геология-қидирув ишларини олиб бориш учун янги блок тақдим этишни сўраб қўшимча илтимос билан чиқди. Жанубий Корея томони Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурларини ташкил этишда ёрдам беришга тайёрлигини ҳам билдирди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар