2019 йилнинг биринчи чораги мобайнида иқтисодий судлар томонидан 46 001 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шунда даъвогарлар фойдасига 2,3 триллион сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 56,7 фоизга камайган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Ўтган даврда энг кўп иқтисодий ишлар Тошкент шаҳар, Қашқадарё, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.
Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида низо тартибида кўрилган ишларнинг салмоқли қисми, яъни 28 742 таси бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Иқтисодий судлар томонидан ҳал этилган ишларнинг 1 065 таси видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 714,1 миллион сўм миқдоридаги маблағлари тежаб қолинди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 7 405 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 247,6 миллиард сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.
Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини контрактация, маҳсулот етказиб бериш ва коммунал хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар ташкил этди.
Бундан ташқари, Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 144 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 83 та қарор бекор қилинди ва 29 та суд қарорлари ўзгартирилди.
Изоҳ (0)