Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан «Навоий» чегара божхона постида заргарлик буюмларини яширин тарзда олиб ўтишга қарши тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси давлат Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти хабар беради.
Тадбир давомида мамлакатдан мазкур пост орқали чиқиб кетаётган фуқаро Ю.О. холислар иштирокида белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди. Натижада, фуқаро божхоначиларга маълум қилмасдан қўлбола усулда оқ рангга бўялган, жами оғирлиги 592,16 граммни ташкил қилувчи 207,2 миллион сўмлик 1 дона занжир ва 2 дона билагузукларни яширинча олиб ўтаётгани аниқланди.
Шунингдек, тадбир давомида мамлакатдан қўшни давлатга чиқиб кетаётган яна бир фуқаро Ю.М. ҳам холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилди. Натижада, унинг эгнидаги кийимбошидан қўлбола усулда оқ рангга бўялган, оғирлиги 601,89 граммни ташкил қилувчи 210,6 миллион сўмлик 1 дона тилла занжир ва 2 дона тилла билагузукларини яширинча олиб ўтишга уриниши фош қилинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)