Мажбурий ижро бюроси Мирзаобод тумани бўлими ходимлари томонидан Тошкент МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалигида текширув ўтказилганда, хўжалик раҳбари Б.Ч. ҳисоблагич ўрнатмасдан, тегишли ҳужжатларсиз, умумий фойдаланишдаги табиий газ ва электр тармоғига тўғридан-тўғри уланиб, ноқонуний равишда фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Б.Ч. мазкур маҳалла ҳудудидан ўтган умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғидан фермер хўжалигигача бўлган 1 километрлик масофага полиэтилен трубаларини яширинча ерости орқали ўтказиб олган экан. Ноқонуний уланишлар натижасида, таъминотчи корхона манфаатларига 5 миллион сўмдан зиёд зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман маъмурий судининг қарорига кўра фуқаро Б.Ч.га маъмурий чоралар кўрилган. Фуқаро томонидан етказилган зарар миқдори ва жарима тўлиқ ундирилган.
Изоҳ (0)