Россиянинг Wildberries интернет-дўкони 2019 йилда Европа Иттифоқи ва МДҲ мамлакатлари бозорларига кириб боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Spot хабар берди.
«Бу йил биз Европага, имконияти пайдо бўлса МДҲнинг бошқа мамлакатларига ҳам чиқишни режалаштирмоқдамиз. У ерда ўз фаолиятимизни бошлаш учун бир неча мамлакатлар бор, лекин ҳозирча айнан қайсилари эканлиги ҳақида гапирмайман», — дейди интернет-дўкон асосчиси Татьяна Бакалчук.
Бакалчук компания дўконлари пайдо бўлиши мумкин бўлган мамлакатлар орасида Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон борлигини маълум қилган.
Wildberries интернет-дўкони турли хил тоифадаги маҳсулотларни сотиш билан шуғулланади. Жумладан, ўйинчоқлар, спорт ва болалар озуқаси, электроника, китоблар ва ҳоказо.
2018 йилда компания даромади 1,7 миллиард долларга етган. Татьяна Бакалчук Wildberries’нинг ягона эгаси ҳисобланади. Йил якунларига кўра, Wildberries Россиянинг энг қиммат интернет-компаниялари рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаган. Бакалчук эса Россиянинг иккинчи миллиардер аёлига айланган.
Изоҳ (0)