I Халқаро бахшичилик санъати фестивали очилиш маросимининг байрам дастурида 500 нафар ёш чанқовуз чалади. Бу ҳақда фестиваль матбуот маркази «Дарё»га хабар бермоқда.
Байрам дастури репертуаридан ўрин олган ушбу мусиқий чиқишда ёш ижрочилар Сурхон воҳаси урф-одат, анъанасини ўзида мужассам этган, воҳага хос куйни ижро этади.
Айтиш керакки, ёшлар томонидан ижро этилиши режалаштирилган ушбу мусиқий чиқишда ижрочилар воҳанинг бетакрор табиати ва такрорланмас санъатини чанқовуз асбоби куйида тасвирлаб беради.
«Ижро маҳсулини эшитар экансиз, куйда янграётган оҳангда юракни жунбушга келтирувчи ноланинг борлигини ҳис қиласиз. Ва атрофга таралаётган мусиқа сизни бир дам олис ўтмишга етаклагандек, гўё», — дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, ўтказиладиган фестивалга бойсунлик ҳунармандлар ўз ҳиссасини қўшишга астойдил киришган. Жумладан, Ғайрат Мусурмонов томонидан минг дона чанқовуз асбоби ясаб берилган. Уни уста ҳунарманд 70 кун давомида ясаган.
Изоҳ (0)