Кеча, 31 март куни Қашқадарё вилояти Китоб тумани Гулистон маҳалласида қурилган ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси, теннис корти, мини-футбол ва баскетбол майдони фойдаланишга топширилди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 январь куни Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида Китоб туманида янги усти ёпиқ сув иншооти, баскетбол майдончаси, сунъий қопламали футбол майдони қуриш ҳамда теннис кортини капитал таъмирлаш таклифи билдирилган эди.
Ушбу топшириқдан сўнг, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барпо этилган объектнинг очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, ёшлар, журналистлар иштирок этган.
Мазкур спорт иншоотларини қуриш учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 6,8 миллиард сўм ажратилган. Усти ёпиқ сув иншооти таркибида 11х25 метр ўлчамдаги бассейн, мураббийлар, шуғулланувчилар учун ювиниш, кийиниш, дам олиш, тиббиёт хоналари, сувнинг таркиби, сифати назорат қилинадиган лаборатория ҳамда томошабинлар учун ўриндиқлар мавжуд.
Бундан ташқари, мавжуд теннис корти капитал реконструкция қилиниб, 22х42 ҳажмли мини-футбол майдони ва баскетбол майдончаси янгидан қуриб фойдаланишга топширилган. Бу ерда ҳам ювиниш, кийиниш, дам олиш, тиббиёт хоналари мавжуд.
Спорт мажмуаси атрофи ободонлаштирилиб, мусиқали фаввора ҳам бунёд этилган.
Китоб тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби ихтиёрига берилган мазкур иншоотда бир кунда 500 нафардан ортиқ ўғил-қиз сузиш, футбол ва баскетбол сирларини ўрганиши учун шароитлар яратилган. Эътиборлиси, болалар ва ўсмирлар спорт мактабига жамғарма томонидан 45 номдаги 400 миллион сўмлик жиҳозлар ҳам топширилган.
Изоҳ (0)