2018 йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланган эди.

Фото: ЎзА

Қарорда давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари қайта кўриб чиқилган.

Унга кўра, уларнинг ойлиги 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар босқичма-босқич оширилиши назарда тутилган эди.

Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб республиканинг айрим туманларида тиббиёт муассасаларини «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизимини эксперимент тартибида жорий этилиши белгиланган. Эксперимент натижаларини танқидий таҳлил қилиш асосида молиялаштиришнинг янги механизмларини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич татбиқ этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, жорий йил 1 июлдан бошлаб

- вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш тизимини жорий этиш, бунда кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига кирмайдиган даволаш турлари пулли асосда амалга оширилади;

- айрим даволаш-профилактика муассасаларини ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари асосида белгиланган тартибда инвесторларга ишончли бошқарувга бериш;

- Ўзбекистон Республикасида мажбурий тиббий суғурталашни босқичма-босқич жорий этиш бошланади.