Марказий Осиёда ўзининг дизайни, меъморчилик услуби, барча қулайликлари билан ягона дея эътироф этилаётган Compass савдо кўнгилочар маркази ёнидан «Қўйлиқ» бозорига олиб ўтувчи йўл ости йўлагидан эрталаб ёки кечқурун ўтишнинг иложи йўқ, дея ёзади ЎзА.
Ушбу ер ости йўли бугун гоҳи «ёйма», гоҳи маҳмадона, елимсифат киракаш-у тиланчи-талончиларнинг манзил-маконига айланиб қолган. Аммо буларни қайси идора назорат қилиши номаълум.
Ёймачи-чайқовчи аёлларнинг оғзидан боди кириб, шоди чиқади.
«Бу толкучкани ҳеч ким эплолмаяпти», — дейди милиция ходими.
Пойтахтдаги исталган бозор ёнида «Тўхташ тақиқланган жойда» машина турмаслигини назорат қилувчи ЙПХ ходимлари ишлайди. Лекин уларнинг ҳам мана шу ер ости йўлининг икки тарафидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаяпти.
Бозор тарафдаги йўлак устида ҳайдовчилар турволиб, «Бекободга бир киши», «Тўйтепага кетамиз» дея бақирса, у тарафида «Ипподром, «Абу-Сахий», «Бек Барака», «Фарҳод» бозорига сал кам текинга обориб қўямиз» дейди, ёхуд тиллафурушлар «доллар оламиз, тилло кимда бор, танга-чи» деб катта шовқин-сурон қилади.
Бозор-ўчарга тушган аҳоли бир ярим метр ҳам чиқмайдиган (қолган жойни ёймачиларнинг тўрва-этаклари эгаллаб банд қилиб қўйган) йўлакчадан ўтишига узоқ вақт кетади. Туннель остидаги минг хил нарса сотилмоқда: кийим-кечак, чала пишган қази-қарта-ю ҳатто суяккача. Йўлак ўртасига стол қўйиб қўлбола атир-упа сотаётган ўқувчи болалар ҳам бор.
Буларнинг барчаси аҳолига жуда катта ноқулайлик туғдирмоқда.
Изоҳ (0)