Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси порталига (https://regulation.gov.uz) «Умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф битирувчиларига касб малакаси дипломини бериш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги Халқ таълими вазирининг буйруқ лойиҳаси жойлаштирилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу буйруққа асосан 11-синф битирувчиларининг ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида малака талабларини бажарган, ўқув-дастурларида белгиланган билимларни ўзлаштирган ўқувчиларга давлат намунасидаги касб малакаси дипломи берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжат лойиҳасига кўра ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасини муваффақиятли тамомлаган битирувчига меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи оддий ёки аъло даражали касб малакаси дипломи берилади ҳамда мазкур диплом битирувчининг қайси ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари касб-ҳунар ўрганишидан қатъий назар ўзи таълим олаётган умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан берилиши белгиланган.
Умумий ўрта таълим муассасалари 10—11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари:
- ўқувчиларга махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган касб-ҳунар ўргатиш;
- шу касб бўйича ижодий фикрлайдиган, ташкилотчилик ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган шахсни тарбиялаш;
- ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунар танлашда кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.
Изоҳ (0)