Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида ташкил этилаётган Book challenge лойиҳаси доирасида бугун, 27 март куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри марказида тантанали тадбир ўтказилиб, мактабларга вилоят ҳокими бошчилигидаги барча раҳбар ходимлар томонидан 2 мингдан ортиқ китоб совға қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ва вилоят ҳокими Ғафуржон Мирзаев Сайхунобод туманининг Ўзбекистон маҳалласида яшовчи тадбиркор аёл Гавҳарой Ҳусанова томонидан ташкил этилган хусусий кутубхонанинг очилиш маросимида иштирок этган ҳамда кутубхонага Президент совғаси – 1000 дан зиёд китобни топширган.
Шунингдек, бугун туманда барпо этилган «Жажжи билағон» нодавлат мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтган. Ушбу муассасада инглиз ва рус тиллари чуқур ўргатилади, таълим олувчилар учун барча замонавий шароитлар яратилган. Комил Алламжонов бу каби масканларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда Агентлик ўз лойиҳалари ва болалар китоблари билан иштирок этишга тайёр эканини таъкидлаган.
Изоҳ (0)