Henley & Partners компанияси ўз паспорт рейтингини янгилади. Ўзбекистон унда 81-ўринда. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Бу рейтинг турли мамлакат фуқароларининг эркин ҳаракатини белгилайди.
Ўзбекистон рейтингда бир поғонага пастлаб, 81-ўринга тушган. Мамлакат фуқаролари 58 мамлакатга визасиз бориши мумкин.
Япония, Сингапур ва Жанубий Корея 1-ўринни олган. Бу мамлакат фуқаролари визасиз ёки етиб келганидан кейин виза олиш имконияти билан 189 мамлакатга бориш имконига эга. Германия эса Ўзбекистонга визасиз кириш имконидан айрилгани учун 2-ўринни эгаллаган. Унинг фуқаролари 188 давлатга бора олади. 3-ўрин бирваракайига бешта давлатга насиб этган: Дания, Финландия, Франция, Италия ва Швеция.
Буюк Британия ва АҚШ эса 2015 йилда эгаллаган 1-ўриндан анча узоқлашиб кетган. Буюк Британия ҳозирда 5-ўринда (185 мамлакатга визасиз бориш ҳуқуқи билан), АҚШ эса 6-ўринда (184 мамлакатга визасиз бориш ҳуқуқи билан).
Brexit ҳозирча Британиянинг индексдаги ўрнига тасир кўрсатмаган. Рейтингдаги пастлаш биринчи ўринда Осиё мамлакатларининг натижаси яхшилангани билан боғлиқ.
МДҲ давлатлари ўртасида энг яхши натижани Украина қайд этган (40-ўрин, 128 мамлакат). Ундан кейин Молдова (45-ўрин, 121 мамлакат) ва Россия (47-ўрин, 118 мамлакат) турибди. Марказий Осиёдаги энг яхши кўрсаткични Қозоғистон қайд этган (65-ўрин, 76 мамлакат).
Афғонистон ва Ироқ визасиз 30 давлатга бориш имкони билан рейтингдаги охирги ўринни эгаллаган.
Паспорт индекси аввал виза чеклови индекси деб аталиб, 2006 йилдан бери Henley & Partners компанияси томонидан Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA)билан биргаликда тузилади.
Изоҳ (0)