24 март, якшанба куни Евро—2020 саралашининг 2-туридан ўрин олган баҳсда Бельгия терма жамоаси Кипр термасини мағлубиятга учратди (2:0).
Мазкур ўйинда «Челси» ярим ҳимоячиси Эден Азар Бельгия миллий терма жамоасида ўзининг юбилей 100-учрашувини ўтказди. Бу ҳақда Gracenote Live хабар берди.
28 ёшли футболчи Бельгия термасида ушбу кўрсаткичга эришган учинчи ўйинчи бўлди.
Аввалроқ бу кўрсаткични ҳимоячи Ян Вертонген (112 та учрашув) ва ярим ҳимоячи Аксел Вицел (101) қайд этганди.
Ўйиннинг 10-дақиқасида айнан Эден Азар ҳисобни очди. Бу унинг терма жамоа сафидаги 30-голи бўлди.
У бу йўлда Пол ван Ҳимст ва Бернард Ворхофга (иккаласида ҳам 30 тадан гол ва улар аллақачон термадаги фаолиятини якунлаб бўлган) етиб олди ва Бельгия терма жамоаси тўпурарлар баҳсида 2-ўринга кўтарилиб олди. Мазкур рўйхатни Ромелу Лукаку 45 та гол билан бошқариб бормоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)