Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси 26 март куни бўлиб ўтадиган Марокаш терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиб юборади. Бу ҳақда «Барселона» клубининг расмий сайтида хабар берилди.
22 март, жума куни 31 ёшли аргентиналик Жаҳон Чемпионати—2018 мусобақасидан сўнг илк марта терма жамоа сафида майдонга тушганди. У Венесуэла билан кечган ўйинда 90 дақиқа давомида майдонда тўп сурди (1:3) ва човидан (қориннинг остки қисми) жароҳат олди.
Аввалроқ хабар берилишича, Марокаш федерацияси аргентиналикларга дастлабки назорат ўйини учун 969 минг евро таклиф қилган. Месси майдонга тушмаган тақдирда мазкур маблағ 528 минг еврога камайиши мумкинлиги таъкидланган.
«Барселона» Месси қай даражада жароҳат олгани ҳақида маълум қилмаган.
Каталония клуби Ла Лига доирасида навбатдаги ўйинларни «Эспаньол», «Вильярреал» ва «Атлетико»га қарши ўтказади. 10 апрель, куни эса «Барселона» Европа Чемпионлар Лигаси 1/4 финалининг меҳмонда кечадиган дастлабки учрашувида «Манчестер Юнайтед»га қарши баҳс олиб боради. Месси мазкур беллашувларда майдонга тушиш-тушмаслиги сўроқ остида.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)