19 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимидан истеъфога чиққан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президенти Нурсултон Назарбоев раҳбарлигида замонавий бозор иқтисодиётига эга давлат қурилгани, кўп миллатли ва кўп динли мамлакатда тинчлик ва барқарорлик таъминланганини таъкидлаган. Бугунги кунда Қозоғистон дунёдаги 50 та ривожланган давлатлардан бири саналади.
Узоқ йиллик тарихда биринчи марта Қозоғистоннинг мустақил давлат сифатида халқаро ҳуқуқий тан олиниши таъминлангани ҳам айтиб ўтилган.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентига мустаҳкам соғлиқ, куч-қувват ва Қозоғистон халқига хизмат қилиш йўлида муваффақиятлар тилаган.
Мамлакат раҳбарлари икки давлат ва икки халқ ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурматни янада мустаҳкамлашга ишонч билдирган.
Изоҳ (0)