Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Миллий универститетининг бир гуруҳ талаба-ёшлари томонидан мазкур туманга қарашли 2 гектар майдонга манзарали ҳамда мевали кўчатлар экилиб, боғ барпо этилди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ушбу хайрли ишда Нукус давлат педагогика институти ҳамда Қорақалпоқ давлат университети талабалари ҳам ҳамроҳлик қилди.
Мазкур ўқув-полигонини очиб беришда ЎзМУ ректори Авазжон Марахимов ҳамда Мўйноқ тумани ҳокими Сайлавбай Данияров бошчилигидаги Ташаббускор талаба-ёшлар экспедицияси аъзолари иштирок этди.
2 гектарлик боғни кўздан кечириб чиқар экан университет ректори ҳам яхши ният билан бир дона ўрик кўчати ўтқазди.
2020—2021-ўқув йилида 2 нафар бакалавр, 2 нафар магистрант ва 2 нафар докторант Оролбўйи, хусусан, Мўйноқ туманининг табиий географияси, тупроғи, ўсимлик дунёсини ўрганиш мақсадида илмий-тадқиқот ишларини олиб борадиган бўлди.
Бундан ташқари ЎзМУ ректори А.Марахимов ва Мўйноқ тумани ҳокими С.Данияровлар ушбу туманда келгусида амалга оширилиши керак бўлган режалар юзасидан ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Изоҳ (0)