Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳукумат қарори асосида Республика штаби ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мамлакатнинг 253 жойида байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Булар ичида истироҳат боғлари, ўйингоҳлар, майдонлар, кўча ва хиёбонлар, сайилгоҳ ва спорт иншоотлари, маданият масканлари бор.
Наврўз байрами кунлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида Ички ишлар вазирлиги томонидан Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва Давлат Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда қўшма режа ишлаб чиқилган ва ижро учун жойларга юборилган.
2019 йил 10—25 март кунлари 6 минг 922 «Жамоатчилик назорати масканлари»да жамоатчилик вакилларининг навбатчилиги ҳамда республикада фаолият юритаётган 59 йўл-патруль хизмати масканлари, блок ва постларининг иш фаолияти кучайтирилган.
Аэропорт ва темир йўл вокзаллари ва «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси объектларининг қўриқланиши кучайтирилган.
Тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш давомида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун ички ишлар органларининг 25 минг 361 нафар ходими, 2 минг 184 нафар миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва 12 минг 710 нафар жамоатчилик вакиллари жалб этилган.
Байрам тадбирлари ҳамда халқ сайиллари ўтказиладиган жойлардан хавфсиз масофаларда 224 та вақтинчалик автотураргоҳ ташкил этилади. Тадбир билан боғлиқ жами 243 кўчада автотранспорт воситаларини қатнови вақтинчалик чекланади.
Изоҳ (0)