«Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамиятида янги 61-931 русумдаги ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус купели штаб вагони ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар берди.
Ушбу вагон мижозлар талаб ва истакларига кўра, завод муҳандис-конструкторлари томонидан лойиҳалаштирилган. Мутахассислар вагонда имконияти чекланган инсонлар учун бир қатор қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, вагон ва купенинг кириш қисми, йўлаклар кенгайтирилган. Энг муҳими, ногиронлик аравачасини олиб чиқиш учун махсус кўтарувчи мослама ўрнатилган.
Янги ишлаб чиқарилаётган вагоннинг 60 фоиз бутловчи қисмлари маҳаллийлаштириш дастури бўйича корхонанинг ўзида тайёрланмоқда. Хусусан, иситиш ва совитиш тизимлари, электр бошқарув пульти, юқори ва паст кучланиш махсус электр мосламаси, тележкалар Ўзбекистон миллий маҳсулоти ҳисобланади.
Акциядорлик жамоаси шу кунларда ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус вагонлар кўргазмасини Қозоғистон Республикасида ўтказишни режалаштирмоқда. Айни кунда 2 та тайёр маҳсулот мижозларга етказилган.
Изоҳ (0)