Тошкент вилоятида ишлаш истагини билдирган тор доирадаги 100 нафар тиббиёт ходими уй-жой билан таъминланади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Олий тоифали мутахассис ўз йўналиши бўйича вилоятнинг эҳтиёж мавжуд бўлган ҳудудига юборилиб, унга ўша ҳудудда қурилаётган арзон уй-жой ажратилади ва уйнинг бошланғич тўлови маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.
Вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов аҳоли сифатли тиббий хизматдан фойдаланишга тўла ҳақли эканига эътибор қаратиб, бу борада вилоятда тор доирадаги тиббиёт мутахассисларига эҳтиёж борлигини қайд этган.
«Тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари билан музокаралар олиб боряпмиз. Агар мазкур таълим муассасалари битирувчилари вилоятга ишга келса, 100 нафарига уй-жойининг бошланғич тўловини тўлаб берамиз. Айни пайтда вилоятнинг тор доирадаги тиббиёт мутахассисларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, хорижда мазкур йўналишда таҳсил олаётган 10 нафар талабанинг шартнома пули тўлаб берилмоқда. Мақсад – уларни вилоятга олиб келиш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш», – дейди вилоят ҳокими.
Маълумотларга кўра, вилоят тиббиёт муассасаларида қарийб 4 минг 700 штат бирлиги мавжуд бўлиб, айни пайтда 860 дан ортиқ иш ўринлари бўш. Мавжуд вакансиянинг 60 фоизини тор доирадаги мутахассислик ташкил этади.
Изоҳ (0)