Россиянинг Ер физикаси институти сейсмик хавф лабораториясининг раҳбари Алексей Завялов Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида бўлиб ўтган ер қимирлашини ушбу ҳудуд учун оддий ҳол деб атади. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.
14 мартга ўтар кечаси Ўзбекистонда кузатилган ер қимирлаши 4—4,3 бални ташкил қилган. Кўпчилик қаттиқ гумбурлашни сезганини ва одатда бўладигандек такрорий тўлқинни ҳис қилмаганини ёзган.
Россиялик олимнинг айтишича, ер қимирлаши нисбатан кучсиз бўлган ва ҳеч қандай ноодатий ҳолат кузатилмаган.
«Мен ўзим бир марта кучсиз ер силкинишига гувоҳ бўлганман. У 1980 йилларда Тожикистонда кузатилган. Дастлаб шовқин бўлган. Гўё юк ортилган поезд устингизга бостириб келаётгандек. Кейин эса силкиниш бошланган, шовқин эса йўқолган. Энди яқинда бўлиб ўтган ер қимирлашига келадиган бўлсак, эпицентрда унинг кучи 4,5—5 балдан ошмаган. Демак Тошкентда бундан ҳам кучсизроқ бўлган», — дейди Завялов.
У, шунингдек, ҳудуднинг геологик хусусиятларидан келиб чиқса, Марказий Осиё учун бундай сейсмик ҳодиса табиий ҳол эканини айтган.
Ўзбекистон ФВВ хабарига кўра, ер қимирлаши натижасида жароҳатланганлар ва вайронагарчиликлар кузатилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 14 март, пайшанба куни соат 02:32 да Ўзбекистон—Қозоғистон чегарасида давомли зилзила содир бўлди.
Изоҳ (0)