«Эфиопия ҳаво йўллари» компаниясига қарашли Boeing 737 Max 8 самолёти якшанба куни ҳалокатга учради. Фожиа 157 нафар йўловчи ва саккиз нафар экипаж аъзосининг умрига зомин бўлган.
Бугунга келиб эса авиаҳалокат сабаби сифатида самолёт конструкциясидаги бошқарув тизими билан боғлиқ ўта жиддий хатолик бўлиши эҳтимоли кўриб чиқилмоқда.
Boeing 737 Max — янги, тўртинчи авлод авиалайнери бўлиб, Boeing корпорациясининг жаҳон бозорини эгаллаш йўлидаги энг асосий умиди эди. 737-моделнинг Max 8 ва Max 9 талқинлари айнан хавфсизлик нуқтаи назаридан флагман бўлиши кўзда тутилганди. Афсуски, энди бундай бўлмаслиги тобора аниқлашиб бормоқда. Сабаби шуки, Ҳабашистондаги ҳалокат бундай самолётлар билан рўй берган биринчи фожиа эмас.
Ёдингизда бўлса, 2018 йилнинг 29 октябрь куни ҳам худди шундай русумли самолёт Индонезия яқинида ҳалокатга учраган эди. Ўшанда фожиа 189 нафар кишини ҳаётдан олиб кетган. Мана орадан 4 ой ўтиб-ўтмай яна шунга ўхшаш ҳалокат Африкада такрорланди. Эътиборлиси шундаки, ҳар иккала учоқ ҳам ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулаган. Эфиопиядаги ҳалокат сабаби юзасидан дастлабки текширишлардан кейин, ҳар иккала ҳалокатнинг шунчаки тасодифан ўхшаш содир бўлгани ҳақидаги гумон истисно қилинган. Яъни ҳар иккала ҳолатда ҳам Boeing 737 Max 8 нинг ҳавога кўтарилгач, кўп ўтмай қулаб тушиши — тасодиф эмас.
Индонезиядаги ҳалокат сабабларини ўрганган мутахассислар ўшанда учувчилар самолёт тумшуғи пастга қараб қолиши жараёни билан 20 марта курашишига тўғри келганини аниқлаган эди. Тумшуқнинг бундай пастга эгилишини эса Boeing 737 Max 8 га ўрнатилган MCAS (Maneuvering Characteristics Augmentation System) автоматлаштирилган тизими юзага келтирган бўлиб, бу тизим самолётнинг фазодаги ҳолат ориентири ҳақида бохабар қилувчи датчиклардан олинган маълумотларни нотўғри қайта ишлаган. Яъни аслида самолёт жисмонан тўғри бошқарувда бўлган бўлса-да, лекин автоматика тизими унинг ҳолатини нотўғри талқин қилган. Лўнда қилиб айтганда, MCAS тизими самолётни бурни кўтарилиб кетди деб «ўйлаб», уни пастга қайтаришга уринаверган. Аслида ундай эмаслигини билиб турган учувчилар эса автоматика пастга қайриётган тумшуқни яна қўлда бошқарув режими билан тўғрилашга уринган.
Авиация мутахассиси Дэвид Сусининг фикрича, MCAS тизими билан бу тарзда курашган учувчиларнинг вазиятдан чиқиб кетиш эҳтимоли жуда кам бўлган. Бироқ якшанба куни Эфиопияда содир бўлган фожиа ҳам худди шундай сценарий бўйича рўй бергани янада тушуниш қийин бўлган нарсадир. Ахир Индонезиядаги фалокат сабаблари аён эди ва Boeing 737 Max 8 ни эксплуатация қилувчи компаниялар ва Boeing корпорациясининг ўзи ҳам бундан яхши хабардор бўлишгани тайин. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, якшанба куни қулаган Boeing 737 Max 8 осмонда жуда нотекис ҳаракат қилган: у аввалига кескин шўнғиган, кейин яна тезкор кўтарилган; яна шўнғиб, яна юқорилаган. Бу ҳол бир неча марта такрорланган ва лайнер бир дақиқада 400 метргача баланд-паст ҳаракатларни амалга оширган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, учувчиларга бу сафар ҳам ўша машъум MCAS системаси панд бергани эҳтимоли жуда катта. У самолёт тумшуғини пастга қаратиб қўяверган. Учувчилар эса уни яна тўғрилайман деб обдон уринган. Гарчи мутахассислар бу борада хулоса чиқаришга шошилмасликни маслаҳат беришаётган бўлса-да, ҳозирча ҳаммаси айнан MCAS тизими айбдорлигига ишора қилмоқда.
Нима бўлганда ҳам, эндиликда Boeing корпорацияси олдида катта муаммолар гирдоби ҳосил бўлмоқда. Индонезиядаги ҳалокат қурбонлари яқинлари Boeing’ни аллақачон судга берган. Энди эса катта эҳтимол билан Boeing ҳуқуқшунослари Эфиопиядаги фожиа масаласида ҳам қаттиқ тер тўкишларига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, Boeing корпорациясининг Европалик рақиби —Airbus 2005-2016 йиллар орасидаги рақобатда 11830 та самолётга буюртма олиб, 6456 дона тайёра етказиб берган эди. Айни шу даврда Boeing 11024 дона буюртмага эга бўлиб, 6406 та қанотли машина етказиб берган. Кўриб турганингиздек, кўрсаткичлар орасида унча катта фарқ йўқ. Лекин энди Airbus улоқни илиб кетиши мумкин. Боз устига, жаҳоннинг энг йирик иқтисодиёти эгаларидан бири бўлмиш Хитой давлати бугуннинг ўзида Boeing корпорациясининг ушбу, Max 8 моделидан воз кечгани ҳақида эълон қилди. Гарчи таҳлилчилар бу жараённи Хитойнинг Америка санкцияларига нисбатан қарши «юриши» сифатида баҳолашга зўр бераётган бўлса-да, лекин энди ушбу самолётларга бўлган ишонч кескин пасайиши турган гап. Хитойдан ўрнак оладиган давлатлар эса бисёр. Хусусан, Индонезия ва Кайман ороллари давлатлари ҳам бу турдаги самолётларнинг эксплуатациясини вақтинча тўхтатган. Boeing акциялари эса душанбанинг ўзида 10 фоизга тушиб кетган.
Изоҳ (0)