«Дарё» ўтаётган ҳафтада содир бўлган энг муҳим воқеаларни шарҳлаб ўтади.
Уч нафар эгизакка енгил автомобиль совға қилиш анъанаси бу ҳафта ҳам тўхтамади. Чироқчида таваллуд топган Шавкат, Миромон ва Мирзиёларнинг оиласига Spark тегди. Автомобилни туман ҳокимлиги топширди.
* * *
Депутат Марҳабо Қурбонованинг вояга етмаган фарзандлари бўлган оналарнинг хорижга чиқишини чеклаш таклифи сайтлар сарҳадидан чиқиб, ижтимоий тармоқларда акс-садо берган воқеа бўлди. Депутат аёл қаттиқ танқидлар остида қолиб кетди. Кўплаб блогерлар таклифнинг реалликдан йироқлиги, инсон ҳуқуқларига зидлиги, қолаверса, муаммони чеклов орқали ечишга уриниш ноўрин эканлигини ёзди.
* * *
Бош прокуратура Гулнора Каримова жазони энди умумий тартибли колонияда ўташини маълум қилди. Бунга сабаб маҳкума суд ўрнатган чекловларни мунтазам бузиб келганидир. Олдинроқ Имон Каримова онасининг ўз хонадонидан ўғирлаб кетилганини маълум қилганди. Шунингдек, Гулнора Каримованинг дунё бўйлаб жойлашган юзлаб миллион долларлик қимматли кўчмас мулклари рўйхати ва фотосуратлари ҳамда олтин ёмбилари тасвири эълон қилинди.
* * *
Қорақалпоғистондаги ёши 50-60 миллион йилга тенг «динозавр тухумлари» ҳақида хабар қилинди. Олимларнинг айтишича, фанда «Моераки тошлари» деб ном берилган шарсимон тошлар геологик нуқтаи назардан олиб қараганда, кальций билан океаннинг минераллашган тузларининг ҳамда созли тупроқнинг бирикишидан ҳосил бўлади. Ушбу ажабтовур соққатошлардан юртимизга туристларни жалб этишда фойдаланиш мумкин.
* * *
Ғаройиб хабарлардан яна бири Ўзбекистон мамлакатда қазиб олинган газ учун «Лукойл» олдида 600 миллион доллар қарздор бўлиб қолганлиги ҳақидаги хабардир. Маълум бўлишича, 600 миллион долларлик қарз Ўзбекистон бир қисм газни ички бозорга олиб қолгани сабабли вужудга келган, келишувда эса республикада қазиб олинган газнинг барчасини экспорт қилиш кўзда тутилган.
* * *
Бош прокурор Отабек Муродов хизмат лавозимидан озод этилгани ҳақидаги гап-сўзлар ортидан Бош прокуратура матбуот хизмати ахборот берди. Ахборотга кўра, бу уйдирма гап бўлиб, Отабек Муродов ўз ишини давом эттирмоқда.
* * *
Бу ҳафтада Ўзбекистоннинг турли рейтингларда эгаллаган ўрни эълон қилинди. Айтиш керакки, натижалар кишини хурсанд қилмайди. Мамлакатимиз кран суви хавфли бўлган мамлакатлар қаторидан ўрин олди. Бундан ташқари, ҳавоси энг ифлос мамлакатлар рейтингида 16-ўринни эгаллади. Worldwide Mobile Data Pricing рейтингида эса 230 мамлакатдаги мобил хизматлар нархи баҳоланган бўлиб, Ўзбекистон интернет арзонлиги бўйича унда 69-поғонада қайд этилди. Бу Ўзбекистонда интернет Қирғизистондан 12 баробар, Афғонистондан эса 2 баробар қимматлигини англатади.
* * *
Нукусда биринчи Президент мактаби қурилиши бошланди. Шавкат Мирзиёев 2019 йил 20 февралда «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Биринчи тўртта мактаб шу йили Нукус, Тошкент, Хива ва Наманганда очилиши белгиланган.
* * *
Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида пойтахт ОТМларининг филиаллари очилади. 2019-2020-ўқув йилидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қаршидаги филиали, Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабздаги филиаллари талабаларни ўқита бошлайди.
* * *
Ўтган ҳафтада юртимизда 8 март байрами нишонланди. Бу кун муносабати билан Наманганда ИИБ ходимлари ёлғиз аёлларнинг уйларида ҳашар уюштирди, Тошкент шаҳар ҳокимлиги фаол отинойиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширди, Тошкентда ЙҲХБ ходимлари ҳайдовчи хотин-қизларни 8 март билан табриклади, шунингдек, президент Tashkent City’даги энг баланд кранни бошқарадиган қизни орден билан мукофотлади.
* * *
9 март куни Тошкентда «Яшил ташаббус» акция фестивали бошланди. Фестиваль ой охиригача давом этади. Ташаббус доирасида 409 мингдан ортиқ кўчат ўтқазиш режалаштирилган. Унда барча кўнгиллилар иштирок этиши мумкин.
Изоҳ (0)