2022 йилда Қатар мезбонлигида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон Чемпионатининг баъзи ўйинлари Уммон ва Кувайтда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
ФИФА бу вариантни Қатарда бўлиб ўтадиган мусобақада иштирокчиларнинг кўпайиши муносабати билан кўриб чиқмоқда. 2022 йилги Жаҳон Чемпионатида тарихда илк маротаба 32 та эмас, балки 48 та жамоа қатнашиши мумкин.
Қатнашчилар сони ортиши билан биргаликда учрашувлар сони ҳам кўпаяди. Шу муносабат билан учрашувлар ўтказиладиган ҳудуддаги бошқа давлатларнинг ҳам ёрдами керак бўлади.
Манбада ёзилишича, айни вақтда ФИФА Кувайт ва Уммон вариантини кўздан кечирмоқда. Аммо исмини ошкор этишни хоҳламаган манба музокаралар яширин йўсинда олиб борилаётганини таъкидлаган.
Ўтган ойда ташкилот президенти Жанни Инфантино Кувайтга ташриф буюрганди. 10 март, якшанба куни эса ФИФА раҳбари Уммонга боради.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)