Ўзбекистон Республикаси Президентнинг қарори билан Донгвук Ли Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари маслаҳатчиси лавозимига тайинланиб, соғлиқни сақлаш соҳасига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ислоҳотларни эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлашга масъул этиб белгиланган эди. Ўз вазифасини бажаришга киришган Донгвук Лининг вазирлик марказий аппарати ва тасарруфидаги муассасалар раҳбарлари билан танишув учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, Донгвук Ли ўз ватани — Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазирлигида демографик сиёсатни ишлаб чиқишда иштирок этиб, тиббий хизмат нархларини тартибга келтириш ҳамда суғурта тизимини такомиллаштиришда кўмаклашган. Шифохоналарни бошқариш ва тиббий хизмат кўрсатиш тизимини юксалтириш, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг беморга йўналтирилган яхлит тизими яратилишида ҳам унинг хизмати катта. Бундан ташқари, тиббиёт тизими ва ресурслари билан боғлиқ сиёсат ҳамда интеграция дастурини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда ёрдам берган.
Донгвук Ли Ўзбекистон учун муҳим йўналиш бўлган тиббий суғурта соҳасини Корея Республикаси тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда татбиқ этиш, энг муҳими, 2019—2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш йўлида бор билим ва салоҳиятини ишга солишини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Донгвук Ли вазир ўринбосари сифатида халқаро стандартлар ва ЖССТ тавсиялари асосида соҳани комплекс ҳуқуқий тартибга солиш, мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш, тизимни молиялаштириш ва ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик ва тиббий туризмдан фойдаланишнинг энг яхши амалиётларини Ўзбекистонда қўллаш, инвестицияларни жалб этишда қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш ҳамда «электрон соғлиқни сақлаш» тизимини кенг татбиқ этишга масъул ҳисобланади.
Изоҳ (0)