Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий йилнинг 28 февраль куни Ёшлар марказида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унга шаҳар ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, депутатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.
Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда 314 та ногиронлиги бўлган шахс қўллаб-қувватланди. Тадбирда катталар ногиронлик аравачасидан тортиб, болалар оёқланиши учун зарур бўлган мосламагача ўз эгаларига топширилди. Катталар (110 та) ва болалар (21 та) ногиронлик аравачалари, шунингдек, 30 та катталар, 5 та болалар қўлтиқтаёғи, 64 та эшитиш мосламаси, 64 та ҳасса, 17 та кўзи ожизлар ҳассаси, 3 та болалар оёқланиши учун махсус мосламалар (ходунок) учун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан жами 198 457 000 сўм маблағ ажратилди.
Кейинги икки йил давомида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 21 ногирон, якка ёлғиз кексалар ва кам таъминланган инсонларнинг хонадонлари таъмирдан чиқарилди. 83 нафар ногирон ва кам таъминланганлар бепул уй жой билан таъминланди. Ногиронларга дори-дармонлар, 112 та ногиронлик аравачаси, 4 та эшитиш аппарати, 36 та ҳасса ва бошқа реабилитация мосламалари тарқатилди.
Изоҳ (0)