26 февраль куни Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБнинг жойлардаги бўлим ва бўлинмалари томонидан автомобилга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсизлик масаласига қаратилган рейди бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўтказилган рейдлар давомида, газ шохобчасига кириш йўлидаги назорат пунктида автомобиллар тўхтатилиб, газ баллонига оид тегишли ҳужжатлар ўрганилган. Ўрганиш жараёнида ҳайдовчилар газ қуйиш шохобчаларида назоратчи ходим йўқлигини ёки хизматчилар томонидан ҳужжатлар кўрилмаётганини иддао қилишиб, юмушлар билан бўлиб ҳужжатларга ўзлари ҳам эътибор беришмаганини ёки умуман эсларидан чиққанлигини айтиб ўтишган. Рейдлар давомида шу каби ҳайдовчилардан 70 нафарига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, транспорт воситалари вақтинчалик ушлаб туриш жарима майдончасига жойлаштирилган.
Хабарда айтилишича, 16 ҳолатда ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан газ баллонини ўрнатиб олиш, 18 ҳолатда газ баллонининг навбатдаги синов муддати ўтиб кетгани, 34 ҳолатда газ баллонига оид тегишли ҳужжатлар ҳайдовчилар ёнида мавжуд бўлмаган ҳолда бошқариш ва 2 ҳолатда газ баллони ўрнатиб, белгиланган муддатда ЙҲХ хизматига рўйхатга қўймасликни ташкил этган.
Бу каби ўтказилаётган рейдлар келгусида содир бўлиши мумкин бўлган нохушликнинг барвақт олдини олиш, ҳайдовчиларни огоҳликка чақириш, газ қуйиш шохобчалари масъул ходимларининг ҳам ҳушёрлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Изоҳ (0)