Маълумки, меҳмонхоналар мамлакатни туристларга тақдим этадиган муассасалардир. Ўзбекистонга келган меҳмонлар мамлакат ҳақида, албатта, виза олишдан бошлаб, ўз давлатига қайтиб кетгунигача бўлган жами шароитлардан, инфраструктурадан, қулайликлардан, одамларнинг муносабатидан келиб чиқиб хулоса қилади. Меҳмонхоналарнинг қандай даражада қулай, шинам, яхши шароитга эгалиги ҳам келган меҳмонларда мамлакатга нисбатан пайдо бўладиган таассуротда, шубҳасиз, катта роль ўйнайди. Шу сабабли меҳмонхона қураётган тадбиркор бинони ўзининг мулки сифатида қургани билан, унинг меҳмонхонасидаги шароит қайсидир меҳмоннинг мамлакат ҳақидаги таассуротига салбий таъсир қилиб қўймаслиги кераклигини яхши тушуниши лозим. «Дарё» колумнисти, HotelPro эксперти Дилшод Одилов шу масалада ўз фикрлари билан ўртоқлашади.
Меҳмонхона қуриш бошқа бино қуришга таққослаганда каттароқ маблағ талаб қиладиган иш бўлгани сабабли сарфланаётган маблағнинг ҳар бир сўми айнан керакли мақсад учун кетаётганини янада диққатлироқ режалаштиришни талаб этади. Меҳмонхона бизнеси билан шуғулланмаган, асосан яшаган меҳмонхоналарининг меҳмон кўзи тушадиган жойларини кўриб юрган тадбиркор малакали мутахассислари маслаҳатини олмасдан бинони қуриб битириши кейинчалик жуда қимматга тушадиган қайта қуришларга сабаб бўлишини, баъзан эса қайта қуриш билан ҳам ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларга дуч келиши мумкинлигини унутманг.
Меҳмонхона бизнесидаги консалтинг хизматлари қурилаётган кўпгина меҳмонхоналарни қандай қурилиб битказилаётганини кузатиш имкониятини бермоқда. Бу эса, ўз навбатида, кўпчилик тадбиркорларимизда такрорланаётган, аслида тўғридек туюлган, лекин бинонинг битишига яқинлашган сари кўриниб борадиган бир муаммоларга яна бир бор эътибор қаратиш кераклигини кўрсатмоқда. Бу хатоларнинг бир учи меҳмонхона қуришда юлдуз даражасини белгилаб берувчи Ўз ДСт 3296:2018 стандартини нотўғри талқин қилиш билан боғлиқ бўлса, иккинчи учи стандартларнинг ўзи етарли даражада мукаммал эмаслигидир. Аксарият тадбиркорлар баъзи стандартларнинг минимал даражада берилганини тушуниб етмаслиги натижасида қураётган меҳмонхонасининг стандартга жавоб берадиган, лекин рақобатга бардош бера олмайдиган бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Авваламбор, ҳар бир тадбиркор меҳмонхона қуришдан асосий мақсад — юлдуз даражасини олиш эмас, балки мижозларнинг розилигини олиш, меҳмонхонанинг мижозлар билан тўла бўлишига, бир келган меҳмоннинг яна такрор келиш истаги билан кетишига эришиш эканлигини тушуниб олиш керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, 4 юлдуз даражасини олиш учун барча стардартларни бажарсангиз-да, 3 юлдуз даражасидаги меҳмонхона ҳам яратиб қўйган шароитни стандартда бўлмагани учун қилмасангиз, бозорда ўз ўрнингизни эгаллай оласизми?
Мисол учун, стандартда 4 юлдуз даражасидаги меҳмонхонада бир кишилик ётоқ ўлчами 90х200 сантиметр қилиб белгилаб қўйилган. Бу «ўлчам айнан шундай бўлсин» дегани эмас, балки, «ўлчам камида шундай бўлсин, бу ўлчамдан кичик ётоқ билан 4 юлдуз даражасини олиб бўлмайди» деганидир. Меҳмонхона эгаси шу стандартдан келиб чиқиб, ётоқ ўлчамини 90х200 сантиметр қилиб белгилаб, хонанинг ўлчамини шундан келиб чиқиб бўлмоқда. Ҳолбуки, кўпгина 3 юлдуз меҳмонхоналар аллақачон ётоқ ўлчамини 110х200 сантиметр ёки ундан юқори қилиб қўйишган.
Бу ҳолатни кейинчалик ўзгартириб, ётоқ ўлчамини катталаштирмоқчи бўлган тадбиркор хона ўлчами кичик ётоққа мўлжаллангани учун ётоқ ва тумбаларни жойлашда муаммоларга дуч келмоқда. Бундай вазиятда тадбиркор ё хоналар деворларини бошқатдан бўлишга, ёки 3 юлдузли меҳмонхонаникидан кичик ётоқли, номинал 4 юлдузли меҳмонхона қуришда давом этишга мажбур бўлади. Ётоқ – меҳмонхонанинг асосий ва энг муҳим қисми эканлигини инобатга олган ҳолда, тасаввур қилиб кўринг, меҳмон ётоғи каттароқ ва нисбатан арзонроқ 3 юлдуз меҳмонхонани танлайдими, ёки ётоғи кичикроқ, қимматроқ, 4 юлдузга эга бўлган меҳмонхонаними? Хулоса ўзингиздан. Демак, тадбиркорлар меҳмонхона қуришда, фақат стандартга мос келишни эмас, балки бозорни яхшилаб ўрганиб чиқиб, стандартда йўқ бўлса ҳам, атрофдаги бошқа меҳмонхоналар яратиб қўйган шароитни ўрганиб, меҳмонхонани рақобатбардош қилиб қуриш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шу ўринда, стандартларга тўхталиб ўтсам. Амалдаги Ўз ДСт 3296:2018 стандарти аввалгисидан анча яхши, замонавий талаблар билан тўлдирилган. Стандартларни белгилаб олишда жаҳон тажрибаси пухта ўрганиб чиқилганидан аминман. Лекин, иш бор жойда камчилик ҳам бўлганидек, назаримизда баъзи моддалар қайта кўриб чиқилса, меҳмонхона бизнеси ривожи учун янада яхши шароит яратилган бўлар эди.
Стандартнинг 7-моддасида 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарда «сув таъминоти» сарлавҳаси остида «сувни фильтрлаш (ёки тозалаш) учун ускуна» бўлиши кераклиги назарда тутилган, аммо бу ускуна бутун бино учунми, ёки меҳмонхоналарнинг умумий овқатланиш жойлари учунми, аниқлаштириб кетилмаган. Стандартнинг 8-моддасида 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарда ҳар бир хонада бутилкали ичимлик суви қўйилиш талаби ҳам борлигини инобатга оладиган бўлсак, крандаги сув фақат ювиниш учун мўлжалланганини тушуниб оламиз. Шаҳар сув таъминотидаги сувнинг ювиниш учун яроқли эканлигидан келиб чиқсак, бу модда балки у қадар муҳим эмасдир, ёки бу моддани фақат ўзи учун автоном сув таъминотига эга бўлган, умумий сув таъминотидан йироқ ҳудуддаги меҳмонхоналар учун шарт қилиб қолдириш керакдир?
Стандартнинг 19-моддасида эса, 4 ва 5 юлдуз меҳмонхоналарнинг хона миқдоридан камида 4 фоизи «юқори даражали» хоналардан иборат бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилган. 25-моддада эса «юқори даражали» хоналарда қўшимча ҳожатхона бўлиши кераклиги ёзиб қўйилган. Тажрибада меҳмонхоналарда стандарт хоналардан юқори даражада бир неча категорияли хоналар бор ва улар «делюкс», «ярим люкс», «люкс», «бизнес-люкс», «студио» каби шартли номлар билан юритилади. Бу хоналардаги шароитлар кўпинча стандарт хоналардаги шароитлардан етарли даражада фарқ қилади. Лекин кўпчилиги майдон жиҳатидан катта бўлгани билан, бир хонадан, ёки бир «меҳмонхона» ва бир «ётоқхона»дан иборат бўлгани учун, иккинчи ҳожатхона қуришга эҳтиёж йўқ.
Бундай эҳтиёж фақат кўп ётоқхонали люкслардагина бўлиши мумкин. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, «юқори даражали» хоналарда қўшимча ҳожатхона бўлиши кераклиги ҳақидаги талабни ё олиб ташлашни, ёки биттадан кўп ётоқ хонасига эга бўлган «юқори даражали» хоналар учун деб ўзгартириб қўйишни таклиф қиламан.
Стандартнинг 39-моддасида 3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарда ҳам ётоқ ёнидаги чироқ (светилник), ҳам стол лампаси бўлиши кераклиги ёзилган. Албатта, ётоқ ёнида китоб ўқиш каби машғулотлар учун ёруғлик манбаи керак, лекин ётоқ ёнида деворга ўрнатилган, стол лампасига юклатилган вазифани бажара оладиган, алоҳида ўчиб-ёнадиган чироқ бўлса, яна стол лампасини талаб қилиш ортиқча эмасми? Фикримча, бу икки ёруқлик манбаини «ёки» шаклида, меҳмонхона эгалари танловига қолдириш мақсадга мувофиқроқ бўлган бўлар эди.
Стандартнинг 20-моддасида 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарда икки кишилик стандарт хона ўлчами ҳожатхонасидан ташқари камида 16 метр квадрат бўлиши кераклиги назарда тутилган. Шунингдек, шу майдон ичида 57-моддада шкаф бўлиши, 58-моддада ҳар бир меҳмон учун стул бўлиши, 59-моддада ҳар бир меҳмон учун кресло бўлиши, 61-моддада ёзув столи бўлиши, 62-моддада журнал столи бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Демак, 4 юлдуз даражасидаги меҳмонхонанинг икки кишилик, камида 16 метр квадрат бўлиши керак бўлган майдонида битта катта икки кишилик ётоқ ёки иккита бир кишилик ётоқ (орасида ўтиш учун жой ҳам қолиши керак), иккита стул, иккита кресло, ёзув столи ва журнал столи бўлиши керак, улардан ташқари меҳмон эркин ҳаракатланиши учун ҳам етарли майдон қолиши керак. Эътибор беринг-а, буларни ҳаммасини жойлаш учун, хона ўлчами қанча катталашиб кетиши керак бўляпти. Стул ва креслонинг киши сонига боғланмаслиги, бундан ташқари «стул ёки кресло» тарзидаги ифода қўлланилиши вазиятни бирмунча осонлаштирган бўлар эди.
22-моддада 4 ва 5 юлдузли хоналарнинг санузели ваннали бўлиши кераклиги кўрсатилган. Меҳмонхонлар ва кўп саёҳат қиладиган кишилар билан суҳбатларда туристлар асосан душ қилиши, ваннадан камдан кам ҳоллардагина фойдаланиши ойдинлашади. Душ қилиш учун замонавий душ кабинаси ваннадан кўра қулайроқлигини кўпчилик қабул қилса керак. Ушбу моддадаги ванна талабини «ванна ёки душ» деган иборага ўзгартиришни таклиф қиламан.
84-моддада 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар конференс-хоналарида синхрон таржима ускунаси бўлиши кераклиги таъкидланмоқда. Синхрон таржима ускунаси биринчидан, қиммат, иккинчидан, таржимон ўтирадиган кичик хонача доим конференц-хонада жой эгаллаб туриши керак бўлади. Синхрон таржима ускунаси керак бўлганда ижарага олиш имконияти бор нарса. Шу сабабли, ушбу моддани «синхрон таржима ташкил қилиш имкониятига эга бўлиш» деган модда билан алмаштириш керак, ёки бу моддадан воз кечиш ҳам мумкин. Умуман, бундай имконият назарда тутилмаган оддий тўртбурчак хонада ҳам қисқа муддатда синхрон таржима ускунасини ўрнатиб, тадбирни ўтказиб юбориш мумкин.
116-моддадаги шаттл бас (график бўйича мунтазам равишда маълум йўналишда қатновчи автобус) хизмати ва 117-моддадаги автомобилни прокатга бериш талабларини ҳам бироз юмшатиб, ушбу хизматларни керак бўлганда ташкиллаштириб бера олиш имконияти бўлсин, деган маънога олиб келиш керак. Республикамиздаги энг йирик меҳмонхоналарда ҳам мунтазам шаттл бас хизматига эҳтиёж йўқ. Делегация учун ёки аниқ бир тадбир пайтида бу ишни эҳтиёжга кўра амалга оширса бўлади.
118-моддада ёзилган «автотураргоҳдан ёки гараждан мехмонхона ходимининг машинани ҳайдаб олиб чиқиб бериши» амалдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига тўғри келмайди. Сабаби, меҳмоннинг машинасига ўтириб, бир метр бўлса ҳам автомобиль бошқариш учун ходимга мажбурий суғурта ва ишончнома керак бўлади. Бу моддани олиб ташлашни таклиф қиламан.
Халқимиз азалдан меҳмондўстлиги билан ном чиқарган, узоқ йиллик тажрибамиздаги туристлар билан суҳбатларда аксарият туристларнинг халқимизнинг меҳмондўстлигига ҳурмати ошганини эшитиб келганимиз бор гап. Лекин ҳали камчиликларимиз ҳам бор. Албатта, ривожланиш бирдан амалга ошмайди. Туризм кўпчиликнинг бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлиб ривожлантириши керак бўлган соҳа. Соҳа вакили сифатида яқин йилларда туризм салоҳиятимиз янада ўсиб, туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотимиздаги улушининг салмоқли даражага етиб боришига ишонаман.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Изоҳ (0)