Ўзбек спорти тарихида илк маротаба халқаро аёллар кунига бағишланган катта спорт байрами — «Нафосат—2019» аёллар спартакиадаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда МОҚ хабар берди.
Мусобақа Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида аёллар орасида спорт ва жисмоний тарбияни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилади.
Айни пайтда республика бўйлаб мусобақанинг саралаш баҳслари давом этмоқда. Беллашувлар спортнинг гандбол, волейбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси ва велоспорт турлари бўйича ўтказилади. Режага кўра, 1—2 март кунлари пойтахтда финал баҳслари бўлиб ўтади. Мусобақа ғолиб ва совриндорлари диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланишади.
«Нафосат—2019» спартакиадасининг тақдирлаш ва тантанали ёпилиш маросими эса 3 март куни «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
Тантанали ёпилиш маросимига енгил атлетиканинг лангарчўп билан сакраш йўналишида икки карра Олимпиада ўйинлари чемпиони (2004, 2008), уч карра жаҳон чемпиони, ёпиқ иншоотлардаги жаҳон чемпионатининг тўрт карра ғолибаси, Европа чемпиони, 28 маротаба жаҳон рекордини ўрнатган афсонавий Елена Исинбаева ташриф буюради. Шу куни мухлислар ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузлари иштирокидаги концерт дастурига ҳам гувоҳ бўлишлари мумкин.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)