Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» тугаётган ҳафтада жаҳон матбуотида энг кўп муҳокама қилинган мавзуларни эсга олиб ўтади.

2019 йилги Африка кубоги Мисрга 50 минг сайёҳни жалб қиладими?

Фото: Journal Du Cameroun

2019 йили Мисрда ўтказиладиган Африка чемпионатида Мисрни 50 минг сайёҳ зиёрат қилиши ҳақида хабар қилади «Мустақил Миср» нашри мамлакат Ёшлар ва спорт вазири Ашраф Субҳийнинг сўзларига таянган ҳолда.

Субҳий назарида, дунё бўйлаб 2,1 миллиард одам ишқибоз бўлган Африка қитъаси футбол чемпионатининг Мисрда ўтказилиши мамлакат иқтисодий жиҳатдан фойда кўришига ёрдам беради. Вазирнинг назарида бундай йирик ҳажмдаги спорт анжуманлари Миср сайёҳлик тизими ҳам жонланишига олиб келади.

Мусобақа учрашувлари Қоҳира, Порт Саид, Сувайш, Искандария, Исмоилия ва ас-Саломда ўтказилишини маълум қилар экан, вазир тайёргарлик авжида экани, мухлислар, сайёҳлар ҳамда спортчилар учун барча шароитлар яратилганини қўшимча қилди.

Африка футбол конфедерацияси президенти Аҳмад Аҳмад ҳам Миср ҳукумати чемпионатни ўтказишга ҳар томонлама тайёрлигини таъкидлади.

Нима ҳам дердик, барча футбол ишқибозларини Мисрга таклиф қилиб қоламиз. Кўп бора ўқигандан бир бора зиёрат этган ўн чандон аъло эмасми?

Африка қитъаси футбол бўйича чемпионлик баҳслари 2019 йилнинг 15 июнидан 13 июлига қадар бўлиб ўтади.

Жанубий Африкада саводсизлик қисқартилиши мамлакатни хонавайрон қиладими?

Фото: Financial Mail

Жанубий Африкада чоп этиладиган Financial Mail нашри Жанубий Африка президентининг миллатга мурожаатида эълон қилинган мамлакатда саводсизлик даражасини қисқартиришга қаратилган таълим соҳаси ислоҳотлари давлат маблағларининг исроф этилишидан бошқа нарса эмас деб ёзади.

Муаммо шундаки, мамлакат молия вазири саводсизликни тугатиш учун ҳар бир мактаб ўқувчисига алоҳида планшет совға қилинишини айтган. Аслида бу сиёсат негизида амалга ошириб бўлмас хом режа ётади. Муаллиф ҳар бир ўқувчини планшет билан таъминлаш саводсизлик урчиб ётган мамлакатда фундаментал муаммоларни ечим бўла олмаслиги, бу давлат маблағларининг ўзлаштирилишига тенглиги ҳақида фикр юритади. Давлат нега таълимни ривожлантириш хусусида гап кетганда ўз маблағларини «ҳар қандай шароитда ҳам бизнес ривожлансин» шиорига асосланиб юритиши даркор, дея сўроқ остига олади.

Ҳар бир болани замонавий планшет билан таъминлаш, агар бу сиёсат ўқиш самарадорлиги паст ва саводсизлик даражаси юқори бўлган мамлакатда амалга оширилаётган бўлса, калтафаҳмлик билан ўйланган сиёсатнинг натижасидир.

Бундай бесамар, натижасиз сиёсат ўрнига Молия вазирлиги ўқувчиларнинг саводхонлик даражасини мақсадга мувофиқ тарзда баҳолашга ёрдам берадиган сиёсатга маблағ ажраца яхши бўларди, дейилади мақолада.

82 йил деганда қор кўрган Лас Вегас

Лас Вегас хиёбонини қоплаган қор.

Лас Вегас хиёбонини қоплаган қор.
Фото: AP

The Guardian нашри табиатдаги кутилмаган ўзгаришга диққат қаратиб, АҚШнинг Лас Вегас шаҳрида 1937 йилдан буён ҳеч кузатилмаган ҳодисага урғу берди.

Вегасликлар мана юз йил деганда ҳақиқий қишнинг таъмини татиб кўрадиган бўлди, деб ёзади нашр. Сабаби — Лас Вегасда 1937 йилдан бери биринчи марта қалинлиги 7,5 сантиметрга етадиган қор ёғди.

Миллий об-ҳаво хизмати шаҳарнинг халқаро аэропортида қор қалинлиги 2,5 сантиметрга етгани ҳақида хабар берган.

Қор ёғишига қарамасдан, катта йўлларда автомобиль қатнови тўхтатилмаган ва шаҳар мактабларида ўқишлар бекор қилинмаган.

Блокланган интернет: давлатлар бундан қанча зиён кўради?

Фото: Google Photos

The Conversation нашри дунё бўйлаб интернетнинг блокланиши, блоклаш учун сабаблар, блоклашнинг шакллари хусусида, шунингдек, блоклаш мамлакатларга қанчага тушиши борасида қизиқарли мақола эълон қилди.

Мақолада интернет бугунги замон талаби экани, аммо, шунга қарамай, айрим ҳукуматлар интернетни блоклаш сиёсатини юритаётгани ҳақида фикрлар берилади.

Нашр келтирган статистик маълумотларга кўра, биргина Ҳиндистоннинг ўзида 2016 йил январь ойидан 2018 йил май ойигача интернетни блоклашга қаратилган 154 ҳаракат қайд этилган. Бу эса жуда кўпдир, дейди муаллиф.

Африка, Осиё қитъаларида ҳам интернетни блоклаш амалиёти одат тусига киргани айтилади. 2019 йилда интернетни блокловчи давлатлар қаторига Конго Демократик Республикаси, Зимбабве, Камерун, Чад, Судан каби давлатлар кирди. Ўтган 2018 йил давомида Қора қитъада интернет узиб қўйилиши билан боғлиқ 21 ҳолат аниқланган. Того, Сьерра-Леоне, Судан, Ҳабашистон интернетни узишга қарор қилган давлатлар сирасига киради.

The Conversation нашрининг ёзишича, интернетни блоклаш асосан уч хил кўринишга эга. Ҳукуматлар шу уч важдан бирини кўрсатиб, интернетни блоклаш амалиётига қўл уради. Аввало, ҳукуматлар интернет барча платформаларда ишлашини тўсиб қояди. Бу эса энг жоҳил, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий оқибатлар келтириб чиқарадиган ҳолатдир. Бу ҳукуматни ЯИМнинг кунлик 1,9 фоизидан айиради. Мисол тариқасида айтиш жозики, Ҳабашистон интернетни блоклаган пайтларда бир кунда 500 000 доллар маблағдан айрилган ҳолатлар бўлган.

Ҳукуматлар яна кўп қўллайдиган интернетни блокловчи усуллардан бири айрим платформаларга кириш имконияти тўсиб қўйилишидир. Бу билан улар интернет фойдаланувчиларининг айрим сайтларга киришига тўсқинлик қилади. Бу энг кенг тарқалган амалиётлардан бири саналади. Ҳукумат бу билан ўз фуқароларининг фикрлаши, ахборот олишини назорат қилишга интилади.

Интернетни блоклашнинг учинчи усули «ими-жимида», «айёрона» усул деб ҳам аталади. Бунда интернет провайдерлари, уяли алоқа компаниялари ҳукумат кўрсатмасига биноан интернет тезлигини сустлаштириб қўяди. Бу усул таъсирида айрим ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари азият чекади. Натижада интернет назоратга олинган мамлакат фуқаролари vpn хизматидан фойдаланишга мажбур бўлади.

The Conversation нашри интернет блокланиши борасидаги фикрларни хулосалаб, бу инсонлар эркин ахборот олишига қўйилган тўсиқ эканини таъкидлайди.

«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди Қозоғистондда машҳур

Фото: Google Photos

«Lsm.kz» интернет-нашри 2018 йилда Қозоғистонга қайси давлат кўпроқ кийим-кечак экспорт қилгани борасидаги маълумотларни чоп этди.

Қозоғистонликлар импорт қилинган маҳсулотлар учун 512,3 миллион доллар сарфлаган.

Қўшнилар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 10,1 минг тонна кийим-кечак учун умумий 18,4 миллион доллар сарфлаган. 2017 йили Хитой Қўзоғистонга энг кўп кийим экспорт қилган мамлакат бўлганди. 2018 йилги маълумотлар Ўзбекистон қозоқларга кийим-кечак экспорт қилиш борасида етакчиликни қўлга киритганини кўрсатади.

Руслар экспорт қилган товарлар миқдори 6,2 минг тонна (158,2 миллион доллар), Туркия — 4,6 минг тонна (98,5 миллион доллар), Бангладеш — 1,9 минг тонна (42.9 миллион доллар), Қирғизистон — 1000 тонна (3 миллион доллар), Эрон — 228,7 минг тонна (133,9 минг доллар) маҳсулот етказиб берган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Генерал Пётр Павел Чехиянинг янги президенти этиб сайланди
Дунё
Америкадаги рус мафияси бошлиғига айланиб, Россияда ўлим топган “қонундаги ўғри” — “Япончик”. Кун хронологиясида 29 январь
Маҳаллий
Марказий банк раисининг крипто-активлар бўйича маълумоти рад этилди