Қозоғистонлик модель Анна Шарипова ва Германия терма жамоаси ҳамда Англиянинг «Фулҳэм» клуби аъзоси Андре Шюррле яширинча турмуш қургани маълум бўлди. Бу ҳақда Sports.kz хабар берди.
Тўй маросими 2018 йилнинг декабрь ойида Шюррленинг туғилиб ўсган шаҳри Людвигсхафен-ам-Райн (Германия) да бўлиб ўтди, лекин бу ҳақда эндигина маълум бўлди. Анна бир неча ҳафта давомида ўзининг Instagram саҳифасига чап қўлига тақилган узук тасвирланган суратларни жойлаштирган, аммо немислар никоҳ узугини ўнг қўлга тақади. Шунинг учун бунга унча аҳамият берилмади. Бундан ташқари Аннанинг таъкидлашича, у ва Шюррле тез орада ота-она бўлиш бахтига муяссар бўлади. Улар фарзанд кутмоқда.
Маълумот учун, Анна Шарипова Қозоғистонда туғилган. Ҳозирда у Берлинда архитекторлик бўйича таҳсил олмоқда. Бундан ташқари у модель сифатида ҳам фаолият олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Андре Шюррле Германия терма жамоаси билан биргаликда футбол бўйича Жаҳон Чемпионати ғолиби бўлган (2014) ҳамда Евро-2012, Евро-2016 мусобақасида ҳам иштирок этган ва Лондоннинг «Челси» клуби таркибида Англия чемпиони бўлган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)