12 февраль, сешанба куни футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигасининг 1/8 финал баҳсларига старт берилади.
Нимчорак финалининг марказий тўқнашувларидан бирида Оле-Гуннар Сульшер қўл остидаги «Манчестер Юнайтед» клуби ўз майдонида Томас Тухель бошқарувидаги ПСЖ жамоаси билан баҳсга киришади.
Қайд этиш жоиз, «манкунианлар» мусобақанинг «H» гуруҳида 10 очко тўплаган ҳолда 2-ўринда гуруҳ баҳсларини якунлаганди. Париж клуби эса «C» гуруҳида 11 очко билан биринчи ўринни эгаллаб, плей-оффга чиққанди.
Шу куни Римнинг «Рома» клуби «Олимпико» стадионида «Порту» жамоаси билан ўйнайди. Иккала учрашув ҳам Тошкент вақти билан тунги соат 01:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Эусебио ди Франческо шогирдлари гуруҳ баҳслари якунига кўра «G» гуруҳида 9 очко, Португалия клуби эса «D» гуруҳида 16 очко жамғариб, 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритганди.
Маълумот учун, мусобақанинг нимчорак финал жавоб учрашувлари жорий йилнинг 6 март куни бўлиб ўтади.
Европа Чемпионлар Лигаси
1/8 финал баҳслари
12 февраль, сешанба
«Манчестер Юнайтед»—ПСЖ 01:00
«Рома»—«Порту» 01:00
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)