Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» таҳририятига йўлланган галдаги мурожаат Қашқадарё вилоятининг узоқ ҳудудларидан бири Деҳқонобод туманида яшовчи обиравонликлардан келиб тушган бўлиб, мурожаатда қишлоқ аҳли бугун муаммолар гирдобида яшаётганини ёзади.

Фото: «Дарё»

Масалани ўрганиш мақсадида Обиравон қишлоқ фуқаролар йиғини томон йўл олдик. Вилоят марказидан 100 километр масофада жойлашган «Чоштепа» қишлоғига боргунга қадар, йўлнинг 29 километри жуда ёмон аҳволда эканлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Қишлоқ аҳлининг айтишича, бундан 40–50 йил илгари қурилган ушбу йўлнинг бугунги кундаги аҳволига «маймунлар йиғлайди». Вилоят марказидан қишлоққа олиб кирувчи йўл бошига келгунга қадар бир соат вақт сарфланса, айни қишлоққа кириш учун босиб ўтиладиган 29 километрлик масофани ҳам нақ бир соат деганда ортда қолдирдик.

«Чошпета» қишлоғига кириб боришимиз биланоқ муаммо билан юзма-юз келдик. Қишоққа олиб кирувчи 3 километрлик йўл лой ва қатнов учун хавфли бўлганлиги сабаб, қишлоқ аҳли билан дарё бўйида учрашдик. Дарёдан олиб ўтувчи кўприк ҳам ҳавас қилар даражада эмас. Амал-тақал қилиб зўрға ўтдик.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Бутун бир қишлоқ шу жин кўприкдан юради, — дейди аҳоли вакилларидан Ўктам Шералиев. – 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли юрагини ҳовучлаб ўтади «йиқилиб кетмай» дея. Ҳар сафар ўзимиз таъмирлаб қўямиз. Қайсидир ёғочини алмаштирамиз ёки сим билан қаттиқроқ боғлаймиз. Қиладиган ишимиз шу, холос. Туман ҳокимлигидагилар бу хусусида бир маротаба бўлса-да, ўйлаб ҳам кўришмайди».

Қишлоқ аҳлининг айтишича, ушбу кўприкдан мактабга ўтмоқчи бўлган болалар бир неча маротаба тушиб ҳам кетган.

Фото: «Дарё»

«Ўтган йили болаларимиз тушиб ҳам кетди, — дейди аҳоли вакилларидан бири Бозорхол Турсунова. – Биз қарияларни ким ўйлайди? Қандай қилиб ўтамиз бу жин кўприкдан?

Ушбу қишлоқда яшовчи ўқитувчи Абдусамад Норбўтаевнинг маълумот беришича, мазкур кўприк 2005 йил аҳолининг саъй-ҳаракати билан қурилган бўлиб, узунлиги 170 метрни ташкил қилади. Мазкур кўприк айни кунда қишлоққа олиб кирувчи ягона кўприк ҳисобланар экан. Автомобиллар учун мўлжалланган 3 километрлик йўл эса қалин тупроқ бўлганлиги сабаб, ёғингарчилик пайтида ҳаракатланишнинг умуман имкони йўқ. «Ўтиш учун ҳаракат қилган ҳар қандай автомобиль у хоҳ енгил, хоҳ юк автомобили бўлсин бир зумда лойга ботиб қолади», — дейди аҳоли вакиллари.

Фото: «Дарё»

«Бу ҳали ҳолва дейди, — суҳбатдошлар. – Мактаб ёнида ҳам бир кўприк бор. 1989 йил аҳолининг ўзи қурган. Узунлиги 110 метр. Унинг аҳволи бундан-да баттар. Ҳар сафар болалар тушиб кетади».

60 хўжалик истиқомат қилувчи «Чоштепа» қишлоғи аҳлининг қўшимча қилишича, қишлоқда 40 та хўжаликка мўлжалланган трансформатор бўлиб, бугунги кунда аҳоли талабига умуман жавоб бермаётган экан.

«Икки йилдан бери шу муаммо билан курашамиз, — дейди «Оқсув савоб» масжиди имоми хатиби Нурмуҳаммад Бухоров. – Биздаги трансформатор 40 та хўжалик учун мўлжалланган. Қишлоқда хўжаликлар сони ортиб бормоқда. Мутасаддилар эса ҳар сафар бизни алдашдан нарига ўтишмаяпти. Ўтган сафар ҳам «Обод қишлоқ» дастурига тушган қишлоққа янги трансформатор олиб келишиб, унинг эски трансформаторини бизга олиб келишган ва бўялган эски трансформаторни «янги трансформатор қўйдик» деб бизни яна алдашган. Ўша «янги трансформатор» қўшилганидан буён ток ўйнайди. Дазмол куяди, телевизор куяди».

Чоштепаликлар газ баллон муаммоси борлигидан ҳам шикоят қилмоқда.

Бозорхол Турсунова.

Бозорхол Турсунова.
Фото: «Дарё»

«Газ баллонни етарли даражада етказиб берамиз дейишганди, — дейди Бозорхол Турсунова. – Аммо амалда гап исботи бўлмади. Ўзимиз фойдаланиб турган баллонлар кичкина бўлганлиги сабабли талабга жавоб бермайди деб олишмаяпти. Газ ёқишимиз керак-ку?

«Энг ёмони ўша газ баллонларни эшакка ортиб, белгиланган жойга олиб боргунча она сутимиз оғзимизга келади, — дейди масжид имом хатиби Нурмуҳаммад Бухоров. – Ўтган куни бир воқеага кўзим тушди. 2 та газ баллон ортилган эшак дарёнинг ўртасига борганда ортга қараб юрди, болага бўйсунмай. Шунда ҳар иккала газ баллон ҳам сувга тушиб кетди. Қанийди шу йўл масаласи тезроқ ҳал этилса...»

Нурмуҳаммад Бухоровнинг қўшимча қилишича, ҳатто тез ёрдам машинаси ҳам шу 3 километрли йўлга келганда ўтолмай тўхтаб қолади. Беморнинг аҳволи қанчалик оғир бўлмасин, уни эшакка миндириб, катта йўлга тез ёрдам машинаси ёнига олиб чиқишларига тўғри келар экан.

Нурмуҳаммад Бухоров.

Нурмуҳаммад Бухоров.
Фото: «Дарё»

«Агарда шу лойгарчилик пайти ҳомиладор аёлларнинг дарди тутиб қолса, катта йўлга чиқиш учун ҳомиладор аёлларимизни ҳам эшакда олиб ўтамизми? – дея савол беради аҳоли вакиллари фотокамерага юзланар экан.

«Қишлоғимиз «оёқдан қолди», — дейди 80 ёшли Холмамат бобо Норбўтаев. – Лойгарчилик. Агар худо кўрсатмасину ўлиб қолсак, дарёдан қандай олиб ўтишади. Кўприкдан кўтариб ўтказишолмаса, йўл лой бўлса. Кейин нима бўлади?»

Холмамат бобонинг айтишича, у кишининг айни дамда ҳеч кими йўқ. «Шу боболар ҳам вақтида ишлашган, меҳнат қилишган деб бир хабар олишмайди, — дейди Холмамат бобо. – Менинг ҳеч кимим йўқ . Агар ўлиб қолсам,10 кунлаб ҳеч ким хабар олмаслигидан қўрқиб кетаман».

Дилбар ва Дилдора Пўлатова, Малоҳат Нормуродова ҳамда Ўрозгул Ражабова каби 9 нафар аёлнинг айтишича, Обиравон ҚФЙ раиси Абдиолим Яхшибоев уларни қишлоқда олиб борилаётган йўл қурилишида иштирок этишларини сўраб, мавсумий ишчи сифатида ишга жалб қилишини ва 480 минг сўмдан ойлик беришни ваъда қилган. Аммо июль, август, сентябрь ойларида уларни ишлатиб, ойлик беришга келганда эса, давлат пул бермади деган баҳонани рўкач қилган.

Мавсумий ишга жалб қилинган аёллар.

Мавсумий ишга жалб қилинган аёллар.
Фото: «Дарё»

«Раис бува 480 мингдан нақд қилиб, ўзим ойлик бераман деди, — дейди Дилбар Пўлатова. — Уч ой шағал ташидик. Йўл таъмирладик. Ишлаган ойларимизнинг эвазига 150 минг сўм бир маротаба, 165 минг сўм бир маротаба пул олдик, холос. Раиснинг олдига борсак, «давлатдан пул беришмади. Менинг олдимга келманглар энди пул йўқ» деди. Ҳалигача ишланган пешона теримизни бермай юрибди. Нима қилишни билмаяпмиз», — дейди.

«Чоштепа қишлоғидан 9 нафар аёл мавсумий ишга жалб қилингани рост, — дейди Обиравон ҚФЙ раиси Абдиолим Яхшибоев. – Йўл таъмирланишида ҳам ишлашди. Пахта мавсумида ҳам катта жонбозлик кўрсатди. Аммо йўл қурилишида улар ҳеч қандай «обём» бажармади-да. Шунинг учун пул берилмади».

Абдиолим Яхшибоев.

Абдиолим Яхшибоев.
Фото: «Дарё»

Аёлларнинг айтишича, бу масала юзасидан улар туман ҳокимлигига боришганида меҳнат биржасидагилар мавсумий ишчилардан шартнома ва буйруқ сўрашган. «Сизлар билан шартнома тузилганми? Шартномани беринг» дейишди. Биз шартномани тушунмасак нима дейишимизни билмай қолдик» — дейди Ўрозгул Ражабова.

«Мавсумий ишчилар билан шартнома ҳам тузилган, буйруқ ҳам чиқарилган, — дейди ҚФЙ раиси. Шунда раисга «муаммо нимада унда» дея савол берганимизда Зафар исмли котибига қараб, «агар пули қолган бўлса тўлаб берилади, албатта» дейишдан нарига ўтмади.

Туман ҳокими ўринбосари Соҳиб Самадовнинг бизга маълум қилишича, раис бу муаммони туман ҳокимлиги зиммасига юкламасдан аёллар жамоатчилик асосида ишга жалб қилинган бўлса, меҳнат биржаси орқали уларнинг ойлик маошини ҳам ўзи ҳал этиши лозим экан.

Мурожаатчилар ўз мурожаатида яна бир муаммони ёзишади.

«Қишлоқ учга бўлинаяпти, — дейди Ўктам Шералиев. — Биз яшаётган «Чоштепа» қишлоғига алоҳида қишлоқ мақоми берилаётганидан мамнунмиз, албатта. Аммо фуқаролардан бир оғиз ҳам сўралмай, сайланиши керак бўлган раис тайинлаб кетилганини қандай тушунишимиз мумкин? Ёки ҳоким «кучаси»ни (нимадир тортиқ қилинган деган маънода, таҳририят изоҳи) олганми деб ўйлаб қолаяпмиз».

Ўктам Шералиев.

Ўктам Шералиев.
Фото: «Дарё»

Суҳбатдош аҳолининг айтишича, ушбу қишлоқда яшовчи Яхшибой Ўралов туман ҳокими тасдиғи билан раис деб тайинланган.

«Ҳали кимдир раис сифатида иш бошлаганидан хабарим йўқ, — дейди Обиравон ҚФЙ раиси Абдиолим Яхшибоев. – Аммо тўрт-беш кишининг ҳужжати туман ҳокимлигига тақдим қилинган. Агар кимдир тайинланган бўлса ҳам бу ўша киши иш бошлайди деганимас-ку. Сайлов бўлади ҳали».

«Чоштепа қишлоғига алоҳида қишлоқ мақоми берилган бўлса-да ҳали ҳужжатлари тайёр эмас, — дейди туман маҳалла жамоат фонди раиси Давлат Қулматов. — Шунинг учун раис тайинланди деган гапга ҳали эрта».

 

Ўктам Шералиев.

Ўктам Шералиев.
Фото: «Дарё»

Чоштепалик Шариф Бойпўлатов ва Шамсиддин Пўлатовларнинг иддаосига кўра, улар туман ҳокими Зоир Алиқуловдан ер сўраб боргач, ҳоким ер бериб муаммони ҳал этиш ўрнига «Сен менга ортиқча ва қўпол муносабатда бўлдинг» деб туман ИИБга айтиб уларни қаматиб ҳам қўйган экан.

«Беш гектар ер сўраб олиб, ўша ерга сув чиқариб, бир неча кишини иш билан таъминлаш ниятим бор эди, — дейди Шариф Бойпўлатов. – Ер сўраб борганимда, ҳар куни мендан ер сўраб келаяпсан, ортиқча ва қўпол гапирдинг деб қаматиб қўйди. Мен аслида ерни обод қилиб, бир неча кишини иш билан таъминламоқчи эдим, холос».

Қолаверса, фуқаро Дилдора Пўлатовага ҳам деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ер бериш тўғрисида туман ҳокими қарори 2018 йил 6 февраль куни чиққан бўлишига қармасдан, ҳалигача ер ўлчаб берилмаган экан.

«Ҳоким қарори чиққанига ҳам бир йилдан ошди, — дейди Дилдора Пўлатова. – Контур ҳам аниқ, аммо ер ҳалигача ўлчаб берилмади. Туман ҳокимлигига қатнашдан чарчадик. Ҳар доим аҳвол шу».

Чоштепаликлар билан суҳбат давомида улар қишлоқда боғча йўқлигини ҳам айтиб ўтишди. «Фарзандларимизни боғчага қўйишни хоҳлаймиз биз ҳам», — дейди аҳоли вакиллари.

Йўл, газ, жин кўприк ва ер муаммоси, боз устига уларнинг хоҳиши инобатга олинмасдан тайинланган раис масаласи ҳақида эшита туриб, аҳолининг бардошига қойил қолдик. Шунча муаммо бўла туриб, «ҳаммаси яхши» қабилида иш юритиб келаётган Деҳқонобод туман ҳокимлиги тез орада чоштепаликлар дардига қулоқ тутади деган умидда ортга қайтдик.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
«Украинадаги урушни Россия бошламаган» — Путин (видео)
Маҳаллий
Ўзбекистонда давлат ташкилотлари машиналарига газ қуйиш вақтинча тақиқланди
Маҳаллий
Тошкентда Cobalt йўлдан ўтаётган она-болани уриб юборди (видео)