БМТ терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Владимир Воронков ИШИД дунё бўйлаб террорчилик ҳужумларини режалаштиришда давом этмоқда, дея эълон қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«ИШИД бўлимларининг махфий ҳаракатларига қарамасдан, унинг марказий раҳбарияти ўз таъсирини сақлаб қолмоқда. Раҳбарият халқаро даражадаги ҳужумларни ишлаб чиқмоқда ва гуруҳнинг мақсадини илгари суришда аввалгидек муҳим роль ўйнаяпти,» — дейди Воронков.
Унинг сўзларига кўра, ИШИД маҳаллий ва ҳудудий даражадаги махфий тармоққа айланишда давом этмоқда. Шу билан у ҳар қандай маҳаллий барқарорликка путур етказиш ниятида.
«Бу нарса можароли ҳудудларни тарк этган ёки қамоқдан чиқмоқчи бўлган хорижий террорчи жангариларнинг борлиги билан янада чуқурлашмоқда. Айнан шунинг учун қамоқхоналардаги радикаллашув Европа ва Ироқда алоҳида муаммо сифатида қаралмоқда,» — дея қўшимча қилди у.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.