Ядровий реактор Тожикистонда 2020 йилгача ишга туширилади, дея хабар беради «Asia-Plus».
«‘Argus’ ядро реактори жойлашган бинонинг ишлари якунланган», — дейди Тожикистон Фанлар академияси президенти Фарҳод Раҳимий Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, реакторни тиклаш бўйича ишлар давом этмоқда ва уни бошқариш учун маҳаллий мутахассислар чет элда тайёрланади.
«Реакторни бошқарадиган ходимларни тайёрлаш муҳим масала. Шу мақсадда биз «Хитоятом» ва «Росатом» билан келишув имзоладик», — дейди Раҳимий.
Унинг сўзларига кўра, баъзи мутахассислар Москва муҳандислик-физика институти ва физика-техника институти илмий-тадқиқот институтларида, шунингдек, яна 23 нафар мутахассис Хитой атом энергетикаси институти ва Шанхайнинг ядро тадқиқотлари институтида ўқитилади.
Мутахассислар танланган, уларнинг номзодлари институтлар билан келишилган, яқин кунларда улар машғулотлар ўташ учун жўнаб кетади.
«Реакторда таъмирлаш ишлари якунига етгач, мутахассислар уни бошқаришга тайёр бўлади», — дейди Тожикистон Фанлар академияси президенти.
Изоҳ (0)