Киевда асли озарбайжонлик бўлган украин ёзувчиси Григорий Хусейновнинг «Шарқдан шамол» номли китоби нашрга тайёрланмоқда. Китоб Хива хонининг оиласи қандай қилиб Украинага бориб қолгани ҳақидаги илгари номаълум бўлган фактларни тақдим этади. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар берди.
1980 йилларнинг бошларида Григорий Жамалович машҳур сулола вакиллари билан учрашган. Кейин уларнинг Украинага келиши билан боғлиқ турли маълумотларни йиғган. Энди эса тўпланган маълумотларни китоб ҳолида нашр этиш вақти келди, дейди ёзувчи.
Григорий Хусейнов - таниқли украиналик ёзувчи, журналист, Украина Миллий Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, мамлакатнинг энг нуфузли адабий журнали «Кривбасс курьери»нинг бош муҳаррири. 40 дан ортиқ китоб муаллифи. Тахминан йигирмага яқин адабий мукофот, шу жумладан, халқаро мукофотлар ғолиби. Украина Президентининг қўлидан маданият, адабиёт ва санъат соҳасида Украинадаги олий мукофот — Тарас Шевченко номидаги Миллий мукофотни олган ягона озарбайжон. Бугунги кунда Григорий Жамалович Шевченко қўмитасининг аъзоси.
1980 йилларнинг бошларида Григорий Жамалович шахсан Хиванинг сўнгги хони Саид Абдулланинг жияни Мадияров Абдурасул Мухаммадёрович билан учрашган. Абдурасул ўша пайтда Украинанинг Кривой Рог шаҳрида яшаётган эди.
Хива хонлари сулоласининг ноёб ва айни пайтда фожиали тарихини ўрганиб чиққан Григорий Жамалович дарҳол Москвада чоп этиладиган «Комсомольская правда» газетасига мақола ёзган. Муҳаррирлар мақолани чоп этишгач, ундан батафсилроқ маълумот тайёрлашни сўрашган.
Шундай қилиб, Григорий Жамалович ҳам Ўзбекистон, ҳам бутун дунё учун қизиқ бўлган Хива хонлари тақдирини ёзган.
Григорий Хусейновнинг мақоласи чоп этилгандан сўнг Тошкент ва Хиванинг юқори лавозимда ишлайдиган амалдорлари ва рассомлари Кривой Рогга ташриф буюрган. Тез орада улар Мадияровнинг она шаҳри Хивага келишини ташкил қилишган.
«Мен Хиванинг сўнгги хони Саид Абдулла ва унинг яқин қариндошлари тақдирига бағишланган ‘Шарқдан шамол’ номли китобни тугатганимдан хурсандман. Улар 1920 йилда дастлаб Москвага олиб кетилган, бир мунча вақт ўтиб Украинага жўнатилган. Украинада Верховцево станциясининг яқинидаги қишлоққа жойлашган. У ерда шаҳар милициясининг отларини парвариш қилган. Бир неча ойдан сўнг улар Кривой Рогдаги ‘Большевик’ конига кўчирилган ва казармага жойланган. Хон коннинг тунги қоровули бўлиб ишга кирган.
Хивадан келган 17-18 ёшлардаги ёш авлод кондаги ер ости ишларига жалб қилинган. Йиллар ўтиб оила қурган, фарзанд кўрган... Хоннинг жияни Абдурасул Мадияровнинг тўртта қизи ҳам Кривой Рогда туғилган.
Унинг ўзи от хўжалигида ишлаган. Ўз кучи билан кичик уй қурган. Уруш пайтида уни тўнғич қизи билан бирга Германияга ишга олиб кетишган. Қайтиб келгач, Абдурасул конда ишлашни давом эттирган. Унинг бир жияни университетни битиргач, Педагогика институтида дарс берган. 1931 йили Хиванинг сўнгги хони Саид Абдулла Кривой Рогда вафот этган. У православ қабристонига дафн этилган, афсуски, қабр сақланиб қолмаган. 1930 йилларнинг ўрталарида хоннинг оиласи аста-секин Ўрта Осиёга қайта бошлаган. Уларнинг аксарияти қариндошларини Тошкентдан қидирган, чунки уларга Хивага кириш учун рухсат берилмаган.
Мен Хива хонлари ҳақидаги илк мақоламни чоп эттирганимдан кейин Ўзбекистондан Кривой Рогга катта амалдорлар, музей ходимлари, тарихчилар, рассомлар кела бошлади... Абдурасул Мадияровни Хивага боришга кўндиришди. У рози бўлди. Қайтиб келгач, менга ўз таассуротлари ҳақида айтиб берди,»— дейди Григорий Хусейнов. —«Хивадан қайтгач, Абдурасул Хусейнов бетоб бўлиб қолди. Мени касалхонага чақирди. У ерга ҳар куни дафтар билан бориб, унинг ҳикояларини ёза бошладим. Кейин уларни китобга жойладим».
«‘Шарқдан шамол’ китоби жуда катта аҳамиятга эга. Украина ва Ўзбекистон бир-бирига биродар давлатлардир. Халқларимиз энг оғир даврларда ҳам бир-бирларини қўллаб-қувватлаган. Хива хони оиласининг ҳикояси оддий одамларнинг бир-бирига бўлган муносабати ҳақида ҳикоя қилади. Украинлар хиваликларнинг ўлишига йўл қўймаган. Гарчи Украинанинг ўзида очарчилик бўлган пайтларда ҳам,» — дейди ёзувчи.
Изоҳ (0)