Тошкент шаҳри масжидларида диний-маърифий нашрларнинг виртуал кутубхоналари ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва «Ҳилол нашр» нашриёт бирлашмаси билан ҳамкорликда Тошкентдаги 10 та — «Минор», «Хўжа Аламбардор», «Мирза Юсуф», «Катта Қозиробод», «Фирдавс», «Исломобод», «Камолиддин Ориф ал-Бухорий», «Кулолқўрғон», «Масжидул хайр», «Юнусобод» жомеъ масжидларида Wi-fi қурилмаси ўрнатилиб, унинг ёрдамида электрон кутубхона тизимига бепул кириш имконияти тақдим этилди.
Масжидга кирган киши ўзининг смартфони, планшети ёки ноутбуки орқали масжиддаги «kutubxona» номли Wi-fi тармоққа уланган ҳолда, интернет браузеридан «v.kitob.uz» манзилини ёзиб кирса, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламларига мансуб китоблар билан танишиши, уларни мутолаа қилиши мумкин.
Тошкент шаҳридаги «Занги ота» жоме масжиди ҳам ўзининг бепул Wi-fi тармоғига эга бўлиб, намозхонлар Wi-fi’га уланган ҳолда «Shosh.uz» веб-сайтидаги масжид саҳифасига киришлари, ундаги диний-маърифий мақолалар, масжид имом-хатибининг аудио, видео маърузаларидан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Келгусида виртуал кутубхона тизимига эга масжидлар сонини янада ошириш режалаштирилган.
Изоҳ (0)