Вобкентдаги «Чашмаи Айюб» мақбараси пештоқидан бундан 8 йил аввал ўғирлаб кетилган ноёб кошин ўз жойига қайтарилади, деб ёзади ЎзА.
Ушбу ёдгорликнинг «Чашмаи Айюб» деб номланишининг ўзи ҳам бир тарих. Бу ерда замин остидан чиққан шифобахш чашма улуғланиб, машҳур пайғамбар Айюб алайҳиссалом номи билан боғланган. Ривоятларга кўра, Айюб алайҳиссалом Бухорога келган. У муборак зот ҳассасини қаерга урсалар, шу ердан булоқ отилиб чиққан экан. Мазкур чашмага ҳам у кишининг ҳассаси теккан жой сифатида нисбат берилади.
«Чашмаи Айюб» мақбарасида милодий 1017 йилда вафот этган ҳадисшунос олим Абу Саъд ал-Харжуший дафн этилган. Тарихий маълумотларга кўра, ушбу мақбара яқинида масжид ва дарвешлар хонақоси ҳам бўлган. Ёдгорлик атрофидаги қабристон кейинчалик халқнинг у кишига юксак эътиқоди туфайли юзага келган.
Мақбара асрлар давомида қанчадан-қанча талон-торож, тўс-тўполонларни бошдан кечирган. Айниқса, мустабид шўролар даврида буткул унутилиб, эътиборсиз қолдирилганлиги боис ташландиқ ҳолга келиб қолганди. Бир сўз билан айтганда, ўтган 800 йиллик тарихий давр «Чашмаи Айюб»нинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Ёдгорликнинг фақат пештоқ қисми ҳамда унга туташ деворнинг бир бўлаги бизгача етиб келган, холос.
Мазкур ноёб обида пештоқига битилган муқаддас ёзувнинг бир парчаси бундан 8 йил муқаддам бир гуруҳ кимсалар томонидан таъмирлаш ишлари баҳонасида ўғирлаб кетилган.
Ўтган вақт ичида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур ўғирлаб кетилган кошинни топиш ва айбдорларни жазога тортиш юзасидан тегишли тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширди. Натижада жиноятчилар ушланиб, одил судловга тортилди.
Маълум бўлишича, 2011 йилнинг ёз ойларида З.Г. томонидан ёлланган ишчилар ёрдамида ёдгорлик пештоқидаги «Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Авваллари сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар. Бу иморат ҳижрий олти юз бешинчи йили қад ростлаган», дея араб ёзувида битилган ҳикматли жумланинг «олти юз бешинчи» рақами битилган кошин бўлаги ўғирланиб, ёдгорликка шикаст етказилган. Уни қайта реставрация қилиш баҳонасида, ўғирлик эканини сездирмай, Тошкент шаҳрига олиб келишган ва кошин бўлаги А.А.га берилган.
Шундан сўнг кошинни туркиялик (кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмаган) шахсга сотиш учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясида борт кузатувчиси бўлиб ишлаган И.А. билан жиноий тил бириктириб, қонун ҳужжатларини бузган ҳолда мамлакат ҳудудидан олиб чиқган.
«Чашмаи Айюб» ёдгорлигининг ўғирлаб кетилган кошин бўлаги Германия Федератив Республикаси орқали Буюк Британиянинг Mayfair галереясида 2017 йилда сотувга қўйилади. Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг аралашуви билан кошин бўлаги республикага қайтарилди. Айни пайтда кошин Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланмоқда. Яқин кунлар ичида «жаҳонгашта» кошинни Вобкентга олиб келиб, ўз жойига қўйиш режалаштирилган.
«Чашмаи Айюб» мақбараси ва унга туташ кўҳна қабристон ҳудудида «Адолат» СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Қодир Жўраевнинг мазкур обида атрофини ободонлаштириш ҳамда уни республикадаги туристик маршрутлар рўйхатига киритиш тўғрисида мутасадди ташкилотларга юборган депутатлик сўрови асосида 2017—2018 йилларда мақбара ва унга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси эса яқин орада ушбу обидани мамлакатнинг туристик манзилгоҳлари рўйхатига киритишни режалаштирмоқда.
ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ва Маданият вазирлиги томонидан мазкур обидани «Буюк Ипак йўли дурдоналари» деб номланган катта лойиҳанинг таркибий қисми сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)