2018 йилда Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромади ҳажми 286,3 триллион сўмни ташкил этиб, йил давомида 10,3 фоизга ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Аҳоли жон бошига умумий даромадлари 8,686 миллион сўм, реал умумий даромадлари 7,391 миллион сўмни ташкил этди.
Аҳолининг умумий даромадлари - мажбурий тўловлар ва бошқа ажратмаларни амалга оширгунга қадар бўлган ялпи даромадни ифода этади. Аҳолининг умумий даромадига пул даромадлари ва натура шаклидаги даромадлар киради ҳамда доимий асосда, такрорланувчи хусусиятга эга бўлган, йиллик ёки ундан кам вақт оралиғидаги даврда уй хўжалиги ёки унинг алоҳида аъзоларига тушадиган тушумлардан таркиб топади.
Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича Тошкент шаҳрида (16,2 миллион сўм) ҳамда Навоий (13,5 миллион сўм), Бухоро (10,8 миллион сўм), Хоразм (9,1 миллион сўм) ва Тошкент (9,1 миллион сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилганлиги кузатилди. Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг қуйи кўрсаткичлари эса Қорақалпоғистон Республикаси (6,3 миллион сўм) ва Наманган вилоятида (6,8 миллион сўм) қайд этилди.
Аҳоли умумий даромадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 71,1 фоиз улушга эга бўлган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) ва 23,5 фоизини ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган. Мол-мулкдан олинган даромадлар 3,5 фоиз, шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар 1,8 фоизни ташкил этган.
Мол-мулкдан олинган даромадларнинг умумий ҳажми 33,5 фоизга — 9,9 триллион сўмгача ошган. Бунда 69 фоизи Тошкент улушига тўғри келган.
Трансфертлардан олинган даромадлар таркибида ижтимоий трансфертлар 38,7 фоиз, бошқа жорий трансфертлар 61,3 фоизни ташкил қилган.
Изоҳ (0)