Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузган деб топилган тадбиркорга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда журналист Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Фото: «Xabar.uz»

Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди раиси Носиржон Расуловнинг маълум қилишича, навбатдаги суд мажлисида 2015 йил 28 сентябрь кунидан «Хакан қурилиш материаллари» МЧЖ директори вазифасида ишлаб келган фуқаро Ш. К.нинг иши кўриб чиқилган.

Суд судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, қуйидагиларни аниқлаган.

Тадбиркор Ш.К. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг 37-бандига кўра истеъмолчи сифатида ўз тасарруфидаги электр қурилмаларининг техник ҳолати ва хавфсизлиги, уларни эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши, оқилона фойдаланиш, истеъмолнинг белгиланган тартиблари бажарилиши ва электр энергияси сифатининг таъминланиши, шунингдек МИБ ва «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси кўрсатмаларининг ўз вақтида бажарилиши учун ўзи жавоб бериши лозим. Шунга асосан Андижон туман электр тармоқлари корхонаси акциядорлик жамияти билан тузилган Юридик шахслар учун электр таъминоти шартномасида қатор талаблар белгиланган. Тадбиркор қоида ва шартнома талабларини қўпол равишда бузиб, 2017 йилда жамиятга ўрнатилган «Энергомера» номли, «СЕ-303» русумли уч фазали умумий фойдаланишдаги электр ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида ҳисоблагичга ўрнатилган 427952-рақамли назорат муҳрига қасддан шикаст етказган. Бу ҳам етмаганидек унинг хотира блоки ва дастурлашдан фойдаланишдаги тугмасига ташқаридан таъсир кўрсатиб, 2018 йилнинг 23 мартидан 15 майга қадар ноқонуний фойдаланиб келган.

Андижон ҲЭТК АЖ МИБ билан ишлаш бўлими муҳандиси А. Ю.нинг суддаги кўрсатмасига кўра, истеъмолчилар томонидан сарфланаётган электр энергиясини ҳисобга олинмай қолган миқдори ва қийматини қайта ҳисоб-китоб қилиш мақсадида жамият ва туман ЭТКлари таркибида ҳисоб-китоб ҳайъати тузилгани, МИБ вилоят бошқармасининг талабномасига асосан мазкур МЧЖ томонидан электр энергияси фойдаланиш қоидалари бузилгани ҳақида расмийлаштирилган далолатнома бўйича ҳисоб-китоб қилинганда дастлаб тадбиркор томонидан 929 миллион 390 минг 036 сўмлик моддий зарар етказилгани аниқланган. Маълум муддат ўтгач тақдим қилинган ҳужжатлар қайта ўрганилганда жамиятга электр ҳисоблагич 2017 йил 4 январь куни ўрнатилгани, қоидабузарлик ҳақидаги далолатнома 2018 йил 15 май куни расмийлаштирилгани аниқланиб, шу кунга қадар мавсумий иш кунлари, амалга оширилган тўловлар ва тарифлар, жойидаги энергия қуввати, ишлаш соати 24 соатга қайта ҳисоб-китоб қилинганда 210 миллион 466 минг 248 сўм, охирги ҳисоб-китобда эса 117 миллион 388 минг 728 сўмлик зарар етказилгани аниқланган ва тегишли тартибда ундирилган.

Судда дастлабки тергов органлари томонидан қайд этилган Қонун талаблари ва мазкур ҳолатлар эътибордан четда қолдирилиб, жиноят оқибатида етказилган зарарни ҳисоблашда хатога йўл қўйилгани, Андижон вилоят ҲЭТК АЖ қайта ҳисоб-китоб ҳайъатининг 2019 йил 11 январдаги қайта ҳисоб-китоб маълумотномасига кўра ҳисобга олинмаган электр энергия миқдори 57.360 кВт соат, 41 018 783 сўмни ташкил этгани аниқланган.

Суднинг якуний ҳукмига кўра, Ш.К. ЖКнинг 1852-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган, бироқ ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод этилган. Шунингдек, АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» Андижон минтақавий филиалига ўтказилган 117 миллион 388 минг 728 сўмнинг 41 миллион 018 минг 783 сўм миқдори жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш учун ушбу ҳисоб рақамда олиб қолиш, қолган қисми эса МЧЖ томонидан келгусида фойдаланадиган электр энергия ҳисобига олдиндан ҳақ тўлаш сифатида ҳисоб-китоб қилиш белгиланди.

Суд суриштирув органи томонидан Қонун талаблари қўпол равишда бузилгани, ўн суткадан ортиқ узайтирилиши лозим бўлган бир ойлик муддатда ҳам суриштирув ишлари якунланмаганини инобатга олиб, қайд этилган хато ва камчиликларни олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида хусусий ажрим чиқарди. Унга кўра Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси бошлиғига кўрсатилган ҳолатларни ходимлар ўртасида муҳокама қилиш, тегишли чора-тадбирлар белгилаш бўйича ўз таклифини билдирди.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид тақдимот билан танишди (фото)
Маданият
Томошабинлар меҳрига сазовор бўлган энг гўзал турк актрисалари (фото)
Маҳаллий
Марказий банк хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини эълон қилди