Ўтиб бораётган ҳафта мамлакат ҳаётида муҳим воқеаларга бой бўлди. «Дарё» уларнинг асосийларини ёдга олишга қарор қилди.
Ҳафта бошида Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими фермер Ориф Дурматовни дўппослаб, унинг ҳисоб рақамидаги 25 миллион сўмни бошқа ҳисоб рақамга йўналтириб юборгани хабари тарқалди. Оғзи-бурни қора қонга беланиб калтак еган фермер шифохонага тушди. Воқеадан сўнг тарқалган маълумотларга кўра, ҳокимнинг фермерларга зўравонларча муносабати биринчи маротаба эмаслиги аён бўлиб қолди. Бироқ кўнгилсиз ҳодисага аралашган Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев зўравон ҳокимни фермердан узр сўраттирди ва яраштириб қўйди.
* * *
Ўзбекистонда қарийб тўрт ойдан бери ишламаётган Facebook ва Youtube сайтлари 15 январь куни кутилмаганда ишлаб кетди. Нафақат Facebook ва YouTube, балки BBC Uzbek, «Озодлик», «Fergana.ru», «Америка Овози» каби сайтларга киришда ҳам vpn’га ҳожат қолмади. Бироқ кўп ўтмай «девор» қайта тикланди ва ушбу сайтлар бугунгача тўсиқ ҳолда қолмоқда.
Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги Facebook маъмурияти билан алоқа ўрнатишда ёрдам сўраб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Маълумот учун, Facebook ва YouTube’нинг бир кунлик тўсилиши Ўзбекистон иқтисодиётига 32 миллион доллар зиён етказади.
* * *
15 январь куни Олий Мажлис Сенати 100 минг сўмлик банкнота намунаси ва дизайнини маъқуллади. Янги банкнота жорий пул массаси доирасида чиқарилади ҳамда унинг ўсишига таъсир кўрсатмайди. Демак, инфляция рўй беришидан хавотирланмаса ҳам бўлади.
* * *
Президент Шавкат Мирзиёев «Жўшқин Гужорат — 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун Ҳиндистонда бўлди. Шавкат Мирзиёев саммитда нутқ сўзлади, шунингдек, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистонга инвесторлар жалб этиш масаласига алоҳида тўхтаб ўтилди.
* * *
«Шайтанат»да Зелихон, «Абу Райҳон Беруний»да Беруний, «Қутлуғ қон»да Мирзакаримбой сингари роллари билан машҳур бўлган кино ва театр актёри Пўлат Саидқосимов 18 январь куни 88 ёшида дунёдан ўтди. У Қўқон шаҳрида фильм суратга олиш ишларида қатнашаётган эди.
* * *
Электр ва газ танқислигининг навбатдаги қурбони Жиззахнинг Зоминида қайд этилди. Гўдак ётган бешик иситиш мосламасига яқин қўйилиб, назоратсиз қолдирилиши аянчли тугади. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, ўтган йили туғилган бола дунёдан ўтди. Фожиа ижтимоий тармоқларни ачиниш ва энергетик инқирозга норозилик мазмунидаги изоҳлар билан тўлдирди.
* * *
Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга хизмат кўрсатган самолёт сотилди. 1997 йилдан 2003 йилгача марҳум президент бу самолётда яқин хорижга ва вилоятларга учган. Президент хизмат сафарларида фойдаланган бошқа самолётлар ҳам сотилиши режалаштирилмоқда.
* * *
Ҳафтанинг қувончли воқеаларидан бири Рио олимпиадаси чемпиони, жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби, ҳозир профессионал боксда фаолият юритаётган Фазлиддин Ғоибназаров доминиканлик боксчи Рикардо Гарсияни мағлуб этиши бўлди. Фазлиддин рақибини 3-раунддаёқ нокаутга учратди. Бу боксчимизнинг профессионал рингдаги кетма-кет еттинчи ғалабасидир.
Спортдаги янгиликлардан яна бири эса унчалик қувончли бўлмади: Осиё Кубоги—2019 мусобақаси «F» гуруҳи ўйинлари доирасида Ўзбекистон терма жамоаси Япониядан 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Янгиликлар дарёсини биз билан кузатинг. Энг муҳим хабарларни «Дарё» сайтидан топасиз.
Изоҳ (0)