2018 йилда Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар кардиожарроҳлик бўлимининг ташкил этилиши замонавий шифо масканлари сонини яна биттага кўпайтирди. Куни кеча марказда сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида тўхтатилган юракда ўн нафар беморда очиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Клиникада олимлар ва малакали шифокорлар билан бир қаторда Москвадаги А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси илмий марказида фаолият юритган уч нафар ўзбекистонлик шифокор — тиббиёт фанлари номзоди Мақсуд Саидов, малакали шифокорлар Икром Маллаев, Мирзоҳид Темиров Ўзбекистонга қайтиб, замонавий тиббий хизмат кўрсатмоқда. Шундай юқори малакали мутахассислар жамланган кардиожарроҳлик бўлимида бир йилга яқин вақт мобайнида 80 нафардан кўпроқ бемор болада юқори технологияли операциялар ўтказилди.
Мутахассислар таъкидлашича, болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларининг тури кўп. Уларнинг баъзиларини ёпиқ йўл билан операция қилиш орқали даволаш мумкин. Бироқ, юрак клапанлари билан боғлиқ мураккаб паталогияларни фақат очиқ операция усулидагина бартараф этиш мумкин. Бу операцияни ўтказиш учун сунъий қон айланиш аппарати ва бошқа замонавий тиббий шароитлар, энг муҳими, малакали мутахассислар ҳамкорлиги талаб этилади. Айни пайтда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида шундай шароит яратилган.
17 январь куни марказда бўлмачалараро тўсиқ нуқсони ва қоринчалараро тўсиқ нуқсони бўлган икки турдаги юрак пороги операцияси муваффақиятли ўтди. Телетиббиёт имкониятларидан фойдаланиб ўтказилган операцияни россиялик мутахассислар кузатиб борди. Яқин кунларда бўлимда яна ўнлаб бемор болаларда шундай ноёб жарроҳлик амалиётини ўтказиш, жорий йил мобайнида эса яна 300 нафардан зиёд бемор болага шундай юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)