Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабалар қабул квотасини мустақил равишда белгилаш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг 17 январдаги «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонида сўз юритилади, деб ёзади «Газета.uz».
Янги тартибни 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб жорий этиш режалаштирилган. Квоталарни белгилашда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг истиқболдаги эҳтиёжлари, шунингдек, муассасаларнинг кадрларни сифатли тайёрлашни ташкил этиш имкониятлари ҳисобга олиниши лозим.
Авваллари Ўзбекистон таълим муассасаларига қабул квоталари Давлат қабул комиссияси томонидан шакллантирилар эди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг изоҳ беришича, қабул квотасини мустақил белгилаш, бу — босқичма-босқич жараён. Янги тартибни жорий этиш учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинади.
Президент фармонида 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ҳужжатларни давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида хабар қилинишича, янги ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар бир вақтнинг ўзида бир неча олий таълим муассасасига ҳужжат топшира олади.
Фармонга кўра, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга шахслардан иборат абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ушбу шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов асосида алоҳида квоталар ажратиш тартиби киритилади. Бунга қадар эса ҳарбий қисмлар қўмондонлиги тавсияномаларига эга абитуриентлар учун умумий танлов доирасида тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балларга эга бўлар эди.
Президент фармонида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда хорижий дипломларнинг эквивалентлигини тасдиқлашдаги сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва уларни тан олиш жараёнини оптималлаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Изоҳ (0)