13 январь, якшанба куни бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги—2019 мусобақасининг 2-туридан ўрин олган Туркманистон—Ўзбекистон учрашувидан аввал Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
«Оғир ўтган илк ўйиндан сўнг иккинчи ўйинни ўтказамиз. Бизни жуда қийин баҳс кутиб турибди. Туркманистон Японияга қарши муносиб ўйнади. Эртага фақат ғалаба учун ўйнаймиз», — дея сўз бошлади Эктор Купер.Илк учрашувдан кейинги хулосалар
— Ўйин сифати ҳар бир одам учун турлича бўлади. Асосийси 3 очко олиш. Уммон Форс Кўрфази кубоги соҳиби бўлганди. Ғалабадан хурсандмиз. Бизда муаммолар борлигини тушуниб турибмиз. Биринчи навбатда натижа туради. Биз чиройли ўйнашимиз мумкин, аммо бу ижобий натижани кафолатламайди.
Туркманистоннинг Японияга қарши ўйини ҳақида
— Албатта, бу ўйинни кўрдик. Тўғри, Туркманистон яхши ўйин намойиш этди. Рақиб жуда тартибли жамоа экан. Биз кўпроқ Японияни ўргандик, чунки бу жамоа ғалаба қозонди. Сабаби доим ғалаба қозонган жамоа таҳлил қилиш қийин. Яна қайтараман, Уммон билан жуда оғир ўйин ўтказдик. Бизда бошқа, Туркманистонда эса бошқача тактика бор. Эртага кимнинг тактикаси самарали эканлигини кўрамиз.
Кримецнинг йўқлиги ҳақида
— Унинг ўрнини ким тўлдиришини 100 фоиз аниқликда айта олмайман. Бизда бу жойда яна икки нафар футболчи бор.
Ҳимоявий ўйин ҳақида
— Туркманистон терма жамоаси ҳимоясида ўзига яраша муаммолар бор. Биз эртага ана шу муаммолардан фойдаланиб ҳужум ташкил қилишга ва рақиб дарвозасини ишғол қилишга уринамиз.
VAR ҳақида
— Мен буни муҳокама қилмайман. Кўпроқ ўз жамоам билан машғулман. Албатта, технология бўлса ва ҳакамларга баҳсли вазиятларда ёрдам берса бу яхши.
Мухлисларнинг танқиди ҳақида
— Албатта, ўйинимиз идеал эмас. Футбол тезкорлик билан ўзгариб бормоқда. Вазифамиз 3 очко олиш. Мухлислар бундан яхшироқ ўйин кўришни исташини биламиз. Чиройлироқ ўйнашга ҳаракат қиламиз.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)