Ўзбекистон Молия вазирлиги аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун мўлжалланган пахта ёғи ва тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилувчи давлат стратегик захирасини шакллантириш, шунингдек шелуха ва пахта уруғи шроти нархларини давлат томонидан тартибга солинишини бекор қилишни таклиф қилди. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун чоп этилди, деб ёзади «Газета.uz».
Ноябрь ойидан бошлаб, президент қарорига мувофиқ, ғўзанинг техник уруғлари уларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган исталган маҳаллий корхона томонидан биржа савдолари орқали сотилмоқда. Шелуха ва шрот биржада эркин сотила бошланди.
Молия вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Сенатидаги 13 декабрь кунги чиқишида нима сабабдан ғўза уруғини биржа орқали сотишга эришилмаганлигига аниқлик киритди.
«Ғўза уруғи нархларини кескин оширдик, шунингдек, шелуха ва ғўза уруғи шротини биржада сотиш орқали либерализацияни бошладик. Бироқ шелуха ва шрот нархларига қарасак, улар ўртасидаги маржа жуда катта, яъни заводлар биржа орқали расман сотмоқда, харидор корхоналар эса бошқа нархларда олмоқда. Фарқ 100 фоизгача етмоқда», — деди молия вазири.
Изоҳ (0)