АҚШнинг мамлакат ядро қуроли арсеналини бошқарувчи стратегик қўмондонлиги Twitter’да қолдирилган, зарурат бўлганда Нью-Йоркдаги Таймс майдонига Янги йил шаридан каттароқ нарса ташлашга тайёр эканлиги тўғрисидаги хабари учун кечирим сўради. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
«Бизнинг Янги йил твитимиз одобдан ташқари бўлиб, қадриятларимизни акс эттирмайди. Биз бунинг учун кечирим сўраймиз. Биз Американинг хавфсизлиги ва иттифоқчиларимизга содиқмиз», — дейилади қўмондонликнинг Twitter’даги хабарида.
Аввалги твит ўчирилди. Унда ҳарбийлар зарурат туғилса, анъанавий Рождество шаридан кўра «катта нарса ташлашга» тайёрлиги ҳақида айтилган. Шу билан бирга, твитда B-2 стратегик бомбардимонининг бомба ташлаётган видеотасвирлар қўйилган.
Хабар ижтимоий тармоқларда жуда катта танқидларга сабаб бўлди ва кейин ўчирилди. Анъанага кўра, ҳар йили 31 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 23:59да Таймс майдонида 23 метр баландликдан махсус шар туширилади. Шарнинг энг паст нуқтаси Янги йил кириб келганини билдиради.