Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси Қирғизистон фуқароси Муслима Абдураҳимова айланма йўллар орқали 2 килограмм 645 грамм гашиш наркотик моддасини Ўзбекистонга олиб кираётганда қўлга олди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.
Маълум бўлишича, 27 ёшли аёл пул эвазига Қирғизистон фуқаролари эр-хотин Тоҳир Усмонов ва Муҳаррам Иномованинг гиёҳванд моддаларини Ўшдан Қўқон шаҳрига етказиб бериши лозим бўлган.
Тезкор тадбир натижасида Тоҳир Усмонов ва Муҳаррам Иномова ҳам Қўқон шаҳрида ушланди.
Гашиш наркотик моддасини бир қисмини сотиб олмоқчи бўлган Искандар Умаров олди-сотди жараёнида ашёвий далиллар билан ушланган. Иккинчи харидор Равшан Қаюмов ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Абдураҳимова, Иномова, Усмонов, Қаюмов ҳамда Умаровларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)