Жаҳонда минглаб тиллар мавжуд. Кўп тиллилик деб аталадиган тиллар орасидаги фарқ одатий ва табиий ҳодисадир. Худди шу каби, бир тилнинг таркибида ҳам турли кўринишлари мавжуд. Тилларнинг хилма-хиллиги кўп тиллилик билангина чекланиб қолмайди: бир тил ичида турли вариантлар бўлади.
Нутқда турли вариантлар пайдо бўлиши учун сўзловчининг ижтимоий мавқеи, жинси, ёши, у ёки бу этник гуруҳга тегишлилиги, географик жойи, касби ва иқтисодий келиб чиқиши каби сон-саноқсиз манба ва омиллар бор. Тил қўлланиладиган ижтимоий синф ёки гуруҳ турли хил бўлади. Ёш сўзловчиларда ўз махсус нутқ намуналари бўлади, ва кўплаб жамиятларда турли ижтимоий синфлар нутқ намуналари орасида жиддий фарқлар мавжуд. Шахснинг нутқидан келиб чиқиб унинг жинсини, ижтимоий-иқтисодий мавқеи, қайси касб эгаси эканлигини ёки саводлилик даражасини белгиласа бўлади, деб ёзади «Дарё»га тақдим этган мақоласида ўзбекистонлик мутахассис, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров.
Ўзбек тилининг турли кўринишларини ҳар хил омиллар билан шакллантирса бўлади. У ҳар хил усуллар ва тилнинг турли даражаларида амалга оширилади. Баъзан ўзбек тилидаги фарқлар сўзловчилар бошқа-бошқа географик жойлардан келиб чиққанлигида ҳам кузатилади. Ўзбекистонда 12 та вилоят ва битта республика мавжуд. Бу омил кўп миллатли Ўзбекистоннинг бойлигидир ва ўзбек адабий тили барчани бирлаштириши лозим. Инглиз тилини мисол қилиб оладиган бўлсак, у биттагина тилдан эмас, балки у бир неча шевалар хилма-хиллигидан иборат. Бироқ инглиз тилининг Британия адабий талаффузи (реcеивед пронунcиатион) деб номланувчи нуфузли, мактабда ва ОАВда қўлланиладиган шу битта вариантигина абадий саналади.
Тилда нима «тўғри», нима нотўғри?
Ўзбек тили қўлланиладиган ўзига хос ижтимоий вазият тил вариантлари шаклланишига олиб келиши мумкин. Алоҳида одамлар нафақат ўз минтақа ва ижтимоий шеваларида, балки вазиятга қараб ҳам сўзлашади. Муайян вазиятда одамлар ўз фикрларини аниқ ифода қилиш йўли услуб дейилади. Услуб нутқнинг нима «тўғри» ва нима «нотўғри» эканлиги ҳақидаги тушунчасини акс эттирувчи кўринишидир.
Ўзбек тилида сўзлашувчилар ўзлари ҳозир бўлган ижтимоий вазиятнинг турига қараб тилнинг турли шаклларидан фойдаланади. Масалан, шахснинг учрашувдаги нутқи ва бирор дўсти билан суҳбати чоғидаги нутқини олсак, биринчи ҳолатда нутқ расмийлик, иккинчи ҳолатда эса норасмийлик, эркинлик билан ифодаланади. Худди шу каби, фарзандларимиз, турмуш ўртоқларимиз билан, ҳукумат ходимлари билан, университетда, ресторанда ва бошқа жойларда турли нутқ шакллари/усулларини қўллаймиз. Афсуски, ҳозирги кунда расмий вазиятларда ўзбек тилининг норасмий кўриниши ва шеваларини аралаштириб ишлатувчи жуда кўп сўзловчиларнинг баъзилари адабий ўзбек тили мавжудлигидан умуман хабарлари ҳам йўқ. Бундай одамлар хонадонларида қандай мулоқот қилсалар, расмий вазиятларда ҳам худди шундай мулоқот услубини давом эттиради.
Адабий тилга «тил нормаси» (стандарт) деб тасниф берса ҳам бўлади. Бу тушунча кенг жамоатчилик томонидан қабул қилинган ва ўқув ва илмий муассасаларида қўлланилади. Масалан, АҚШда кўплаб минтақавий, этник ва жамоатчилик шевалари мавжуд. Бироқ ҳукумат ҳужжатлари, илмий мақолалар, дарсликлар ва расмий ҳукуматга боғлиқ оммавий ахборот воситаларида америкача инглиз адабий тилида ёзилади.
Инсон ўзи болаликдан ишлатиб келган ва одатий, ҳар кунлик вазиятларда, ижтимоий ўзаро мулоқотда кундалик ҳаётларида қўллайдиган тилни тилшунослар оғзаки тил деб атайди. Ижтимоий ҳаётда қўлланилганда оғзаки нутқ кўп ҳолларда салбий баҳога дуч келади. Афсуски, Тошкент оғзаки тили ўзбек адабий тили салоҳиятини пасайтириб юборди ва уни кундалик ҳаётдан қарийб сиқиб чиқарди. Оммавий ахборот воситалари, ТВ дастурларда ва маърузаларда Тошкент шевасини кўп қўллаш қуйидаги муаммоларга олиб келади:
- Қўшни мамлакатларда яшайдиган ва «тоза» ўзбек тилида сўзлайдиган ўзбеклар сўзлар, аксент/лаҳжа, сўз тартиби ва баъзи сўзларнинг маъноларини тушунишда қийинчилилкарга дуч келишлари мумкин;
- Адабий тилни ўрганаётган чет эллик талабалар Ўзбекистонга ташриф буюришганда ёки ўзбек тилини ўрганиш учун онлайн воситалардан фойдаланганда қийинчиликларга дуч келишлари мумкин;
- Тошкент шевасида кўп сўзлашадиган ва шу муҳитда яшайдиган инсонлар уни адабий ўзбек тили деб фараз қилишлари мумкин ва уни кераксиз жойларда ҳам ишлатишлари мумкин;
- Бундай ҳолат адабий ўзбек тили ва Тошкент шеваси орасида кераксиз мусобақа келтириб чиқариши мумкин;
- Хоразм, Бухоро ёки Самарқанд шеваларида сўзловчилар бу ҳолатга қарши даво қилиб, ўз шеваларини Тошкент шеваси мавқесига чиқаришни таклиф қилишлари мумкин. Чунки Тошкент шеваси ТВ дастурлар ва кинода ўзбек адабийтили ўрнида ишлатилса бўлар экан, нега Хоразм шевасини худди шу тарзда ишлатиш мумкин эмас экан? Саҳнада Хоразм шевасида сўзлаганликлари учун одамларга танбеҳ берилганлигини шахсан гувоҳи бўлганман. Демак, бу ҳолат минтақалар орасида носоғлом муҳит ва мусобақа келтириб чиқаради.
- Расмий ёки ижозат/ваколатли (университетлар томонидан ва ҳок.)
- Ижтимоий ёки муносабат кодлаштириш: баъзи/муайян вариантлар, лаҳжа/аксентларга ижтимоий маъқуллаш ва ижобий муносабат.
- Таълимни кодлаштириш: луғатлар, оммавий ахборот воситалари, ўқитувчилар тайёрлаш, дарсликларни, мактаб грамматикасинистандартлаштириш, ва ҳок.
- Психологик кодлаштириш: чекловлар белгилаш.
Одатда бу вазифа грамматика, имло китоблари, луғатлар ишлаб чиқиш ва балки адабиётни ривожлантиришни назарда тутади. Ўзбек тили қарийб тўла стандартлаштирилган ва уни махсус ўргатиш, ўқишнинг имкони мавжуд. Бугунга кунга келиб ўзбек тили иқтисодий, сиёсий ва маданий бирлашувнинг кенг маънодаги жараёнининг бир қисмига айланди ва миллийликни, миллат-давлатни ўрнатиш ишида чексиз аҳамиятга эга. Шунингдек, адабий тил саводли одамлар сўзлашадиган, кундалик янгиликларни узатиш дастурларида, ТВ дастурларида, кинода ва бошқа шу каби ўринларда ишлатилиши керак.
Тилимизни стандартлаштиришни аниқлаш учун қилинадиган бошқа уринишларни ўрганиш учун фойдали бўлиши мумкин: Фанлар академияси қошидаги ўзбек тили, адабиёт ва фолклор институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети каби тегишли муассасалар, ўзбек тили экспертлари, профессор-ўқитувчилари тил масалаларини тартибга солиш, бошқариш ёки киритилиши лозим деб топилган ўзгаришларни илгари суриш мақсадида ОАВ орқали турли дастурлар ташкиллаштириб, стандартлаштириш жараёнида фаол қатнашишлари лозим. Уларнинг вазифалари ўзбек имлоси, сўз бойлиги мажмуаси ва грамматикани кодлаштиришдан иборат бўлиши лозим. Бу ишнинг мақсади ўзбек миллийлигини шакллантириш ва мустаҳкамлашдан иборат бўлади; бу жуда ҳам муҳим вазифадир, чунки, 1989 йилда қабул қилинган қарорга қарамай, 30 йилдан кейин ҳам адабий ўзбек тилининг мавқеи тушиб кетди ва мамлакатнинг кўп жойларида, айниқса Тошкентда бу сезиларли даражада муаммога айланди. Агар ишлар шу йўсинда, яъни минтақа шеваларини расмий вазиятларда ҳаддан ортиқ ишлатиш давом этса, 10-15 йиллардан кейин бу ҳолат Ўзбекистонни авлодлар ва минтақалар орасида лингвистик бўшлиқ пайдо бўлиб қолиши каби бошқа бир ҳодисага олиб келиши мумкин. Замонавий тарихда бунга кўп мисол келтириш мумкин.
Адабий ва адабий бўлмаган шевалар ва уларнинг таълимда қўлланилиши
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қўлланладиган ўзбек тилининг вариантлари — шеваларини адабий ва адабий бўлмаган синфларга ажратиш мумкин. Адабий шева нуфузли, кодлаштирилган вариант бўлиб, унинг ижтимоий мавқеси энг юқори, ва расмий вазиятлар, ҳолатларда қўлланиладиган, ва ўзбек тилининг оммавий ахборот воситаларида қўлланилиши лозим бўлган ягона вариантидир. Ўзбек тилининг адабий бўлмаган вариантлари стандартлаштирилмаган ва расмий вазият, ҳолатларда қўллаш учун нуфузли эмас. Демак, ўзбек тилининг стандарт/адабий вариантини тил, ва стандартлашмаган вариантини эса шева деб ҳисоблаш лозим.
Ўзбек тили экспертлари барча ТВ дастурларига, университет маърузаларига ва баъзан нашр қилинадиган материалларга кириб келган тилнинг турли шеваларига баҳо беришлари лозим. Аксар мамлакатлар мактабларида тилнинг фақат адабий варианти қўлланилади ва ўқитилади, адабий бўлмаган вариантлари эса мактабларда расман тақиқланган. Адабий ўзбек тили варианти тилнинг «кучли», «тўғри», «юқори» ва «мақбул» шакли эканлигини билсакда, тилимизнинг «кучсиз», «нотўғри», «ғализ» ва «мантиқсиз» шакллари деб ҳисобланадиган адабий бўлмаган вариантлари унинг ўрнига ишлатилиб келинмоқда.
Таълимда шеваларнинг қўлланилиши талабаларнинг билимларни ўзлаштириши ва муваффақиятга эришишларига таъсири
Шеваларнинг талабаларнинг ўқиши ва муваффақиятларига таъсири ҳам кўп тадқиқотчиларнинг диққат-эътиборида бўлиб келган. Тадқиқотларнинг натижасига кўра, таълимда шевада сўзлашувчиларга салбий таъсир кўрсатилганлиги кузатилган. Масалан, тадқиқот натижаларига кўра, Голландияда шеваларда сўзлашувчилар тил кўникмаларини ўзлаштириш ва бошқа фанларни ўрганиш ва ютуқларга эришишда муаммоларга дуч келар экан. Умуман, ҳамма ерда шевада сўзлашувчилар таълим олишда турли қийинчиликларга дуч келади. Масалан, шеваларда сўзлашувчилар дарсда ўқишни ўрганишда қийинчиликларга учрайди. Бунинг сабаби эса талабалар дарслик китобларида ўз шеваларида олдиндан тахмин қилса бўладиган хусусият ва томонларни топишларининг эҳтимоли камлигидадир. Энди эса ёш болалар миллий ТВ дастурлари ва киноларни томоша қилишда ўзбек тилининг фақат Тошкент шевасидаги нутқни эшитишини ва унинг улар дарсларда ўзбек адабий тилида ёзилган китобларни ўқиганларида тушунмовчиликка олиб келишини бир тасаввур қилиб кўринг.
Шунингдек, тадқиқотлар натижаларига кўра, адабий тилда сўзлашувчиларда шеваларда сўзлашувчиларга қараганда кўпроқ устунлик, имкониятлар бўлиши эҳтимоли бор экан. Дарсларда қўлланиладиган кўп ўқув материаллари адабий тилда тайёрланади ва адабий тилда сўзлашувчи талабалар учун адабий тилдаги товушлар ва сўз бойлиги таниш. Демак, адабий тил вариантида сўзлашувчилар учун адабий бўлмаган шеваларда сўзлашувчиларга қараганда материалларни ўқиш ва уларни тушуниш осонроқ кечади.
Мактабларда адабий бўлмаган шеваларга нисбатан салбий таассурот ва муносабат ҳам талабаларнинг ўқишларига таъсир қилиши мумкин. Мактабларда ўқитувчилар ва синфдош-ўртоқлари бирор бир адабий бўлмаган шевада сўзлашиб улғайган талабаларнинг нутқи устидан кулади. Масалан, Буюк Британияда бретон, уэльс ва гаэл тилида сўзлашувчилар масхара қилинган. Бу эса ўз навбатида уларни дарсларда жим ўтиришга мажбур қилди. Дарсда сукут сақлаб ўтирган талабалар бошқалар билан баробар таълим ола олмайдилар ва мақсадларига эриша олмайди.
Аслини олиб қарасак, таълим назариётчилари ва ижтимоий тилшунослар (социолингвистлар) орасида дарсларда минтақавий шеваларга эътибор бериш сўзлашувчиларнинг таълимда эришадиган ютуқларига ҳақиқий таъсир ўтказиши борасида якдиллик мавжуд. Мен дарсларда тилнинг талабалар сўзлашадиган вариантининг баъзида қўлланилиши талабаларга ўз салоҳиятларини қўллаш ва чуқур билим олишга эришишга ёрдам беради деб ишонаман. Таълим жараёнида шеваларни қўллаш масаласини назарда тутиш ўрганувчиларнинг мактабда ва мактабдан ташқарида ижтимоий, когнитив (тушуниш), эмоционал ва лингвистик ривожланишини оширади. Бироқ, бизнинг, тилшунослар ва тил ўқитувчиларининг вазифамиз тилда нима «тўғри» ва нима «нотўғри» эканлигини талабаларга аниқ тушунтириб бериш ва уларга адабий тилни ўрганишнинг афзаллик ва устунлик жиҳатларидан наф олишларига ёрдам беришдан иборатдир.
Изоҳ (0)