Украина Россияга 42 нафар қўлга олинган украиналикни республика ҳудудидаги 89 кишига алмаштиришни таклиф қилди. Киев вакили Евгений Марчук Учтомонлама алоқа гуруҳи мажлисида мазкур ташаббус билан чиқди, деб ёзади «Украинская Правда».
Марчукнинг сўзларига қараганда, Украина алмашиш ҳақидаги таклифни ёзма шаклда бир неча кун аввал илгари сурган.
«90 га яқин одам Янги йилни ўз оилаларида кутиб олиши мумкин», — деди сиёсатчи.
Киев Украина қамоқхоналарида бўлган 23 нафар россияликни РФ қамоқхонасидаги 23 украиналикка алмаштиришга тайёр. «Яъни 23 га 23», — дея таъкидлайди Марчук. Бундан ташқари, Украина ҳукумати 19 киши учун яна 66 кишини таклиф қилмоқда. «66 кишини топшириб, 19 кишимизни оламиз», — дея аниқлик киритди мансабдор.
Унинг сўзларига қараганда, Украина алмашиш жараёнини 27 декабрдаёқ бошлашга тайёр.
Олий Рада вице-спикери Ирина Геращенконинг аниқлик киритишича, гап қўлга олинган украиналик денгизчилар ҳақида кетмаяпти. Киев Москвага 23 нафар «сиёсий маҳбус»ни озод этишни таклиф қилмоқда.
Изоҳ (0)