Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 29 йиллиги нишонланганига кўп вақт бўлмади. Аммо, жамиятда она тилига бўлган эътибор ўзгарди, дея олмаймиз. Одатда ҳар йили шундай бўлади. Анъанавий тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари 21-октябр санасидан кейинги жимлик... Эътиборингизга ҳавола қилинаётган мана бу суратдаги ёзув очиқчасига ўзбек тилига нисбатан ҳақоратдир, деб ёзади ЎзА.
Тадбиркор фаолиятини реклама қилгани, харидорларни чорлагани яхши, албатта. Лекин бу зайлда эмас. Ахир пойтахтнинг марказий кўчаларидан бирига одамлар эътиборини тортадиган қилиб ўрнатилган ушбу реклама баннерига бир кунда минглаб фуқаро, меҳмонлар, сайёҳларнинг кўзи тушади! Бундай ёндашувлардан сўнг, миллий таомлардан саналган ош — паловни ёш авлод нутқида «плов» деб қўлламаслигига ким кафолат беради. Ваҳоланки, ўзбек тили луғатида «плов» эмас, «палов» сўзи мавжуд.
Оддий аҳоли, бунга кўп ҳам эътибор қилмас. Борингки, ғашига тегса, ичида муаллифларни саводсизликда айблаб қўя қолади. Лекин ўзбек халқи, ўзбек тили тақдирига жавобгар масъуллар-чи, наҳотки, биронта ҳам мутасаддининг кўзи «Сен пловни севасанми?» га тушмаган бўлса?
Бу каби тил қоидалари бузилишларига қачон барҳам берилади? Баннердаги ёзувни ким «палов» сўзига алмаштиради?
Изоҳ (0)